Фарғонада Корея халқаро университети
Фарғона шаҳрида Корея халқаро университетининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Фарғона шаҳрида Корея халқаро университетининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда сўз олганлар мазкур университетнинг ташкил этилгани халқаро таълим стандартлари даражасида иқтисодиёт ва саноат соҳасида етук кадрлар тайёрлаш борасида яна бир муҳим қадам бўлганини таъкидлади.
Мамлакатимизда барча соҳалар қаторида олий таълим тизимини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Рақобатбардош ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга муҳим эътибор қаратилиб, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот марказлари билан мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилмоқда. Фарғона вилоятида Корея халқаро университетининг ташкил этилиши ҳам ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
– Университетда ўқитиш тўлов-контракт асосида корейс, инглиз ва ўзбек тилларида кундузги таълим шаклида амалга оширилади, – дейди Корея халқаро университети ректори Пак Жун Ху. – Жорий йилда 720 нафар ёш ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган. Битирувчиларга Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда тан олинувчи белгиланган намунадаги диплом берилади. Биринчи йил таълим муассасасида 9 та йўналиш бўйича, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб 14 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланади.
Айни кунларда университетда мактабгача таълим, туризм менежменти, компьютер дастурлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари, архитектуравий лойиҳалаш, электр энергетика, автомобилсозлик, корейс тили, гўзаллик индустриясида менежмент таълим йўналишлари очилди.
Меҳмонлар университетда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, яратилган шароитлар билан танишди.
Очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.