Фаол ўқитувчиларга давлат мукофотлари топширилди
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Тошкент вилояти ҳокимлигида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди.
Унда вилоят Халқ таълими бошқармаси мутахассислари, барча туман-шаҳарлардан келган фаол ўқитувчилар, соҳада самарали меҳнат қилаётган фахрий устозлар иштирок этди.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов барча устоз-мураббийларни самимий табриклаб, илиқ фикрларини билдирди. Шундан сўнг Президентимизнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Сўнгги йиллар таълим тизими бўйича амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди. Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги замонавий Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилмоқда. Бундан 5 йил олдин Тошкент вилоятида фақатгина 1 та Тошкент давлат аграр университети фаолият юритган. Бугунги кунга келиб вилоятдаги олий таълим муассасалари сони 7 тага етган.
Шунингдек, жорий 2021-2022 ўқув йилида вилоятда 4 та физика ва математика, 1 та физика (таянч мактаб), 1 та япон тили, 8 та информатика, 6 та кимё ва биология, 21 та чет тилларига ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Биргина жорий йилда Инвестиция дастури доирасида умумтаълим мактабларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 203 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 5 баробар кўп.

Шу билан бирга, айни пайтда Нурафшон шаҳридаги 168 ўринли Президент мактабида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
– Педагогика соҳасида иш бошлаганимда 23 ёшда эдим, — дейди «Дўстлик» ордени соҳиби, Ўрта Чирчиқ туманидаги 65-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Насиба Молдабаева. – Шунга ҳам 40 йил бўлибди. Ўтган вақт давомида кўплаб шогирдлар тайёрладим. Мана шу йиллар бизни муаллим сифатида шакллантирди. Бугун давлат мукофони олганимдан жуда хурсандман.
– Мен ҳам соҳадаги малакали мутахассислар қаторида Президентимизнинг юксак мукофотини олишни орзу қилардим, – дейди «Шуҳрат» медали соҳиби, Тошкент туманидаги 11-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Шахноза Абдусаттарова. – Бу йил касб байрами арафасида шундай эътирофга лойиқ топилдим. Бундан жуда хурсандман. Инглиз тили ўқитувчиси сифатида 23 йилдан буён ишлайман. Бугунги рағбат келгуси фаолиятимга катта масъулият билан ёндашишимга туртки бўлади.
Тантанали байрам тадбирида Президентимизнинг фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ ўқитувчиларга мукофотлар топширилди.
А.Мусаев, ЎзА