Фактчекинг: ҳақиқат ва ёлғон чегараси
Интернет чек чегарасиз ахборот манбаидир. Ундаги маълумотларни тўғри ёки нотўғри эканлигини қандай билишимиз мумкин? Бизга учрайдиган ахборотларнинг қай биридан эҳтиёт бўлишимиз ва қай бирига ишонишимиз керак? Бугунги лавҳамиз шу ҳақида.
Хўш, Фактчекинг ўзи нима?
Фактчекинг фактларни текшириш демакдир. Яъни, дастлабки манбани аниқлаш яъни тарқатишни ким бошлаган, маълумотнинг муқобил далилларини ёки ахборотни инкор этувчи манбани топишдир.
Фейкларнинг асосий турлари қуйидагилардан иборат:
1. Батамом ёлғон материаллар. Шов-шув кўтариш ва жамоатчиликни чалғитиш мақсадида бошдан-оёқ тўқиб чиқариладиган ахборотлар.
2. Тахминларга асосланган хабарлар. Уларда манба бор, аммо ишончли ёки ваколатли эмас.
3. Рост материал қўшиб, ёлғон аралаштириб тайёрланган материаллар. Уларнинг таъсири кучлироқ бўлади.
4. Рост, аммо нотўғри талқин қилинган ёки қайсидир жиҳатига урғу берилган, ёки контекстдан узиб олинган маълумотлар.
5. Фактларни йўққа чиқариш учун тайёрланган фейклар.
Бундай вазиятларда дискредитация, яъни тўғри хабарларни гўёки рад этувчи далил ва гувоҳлар топилиб, тўғри фактлар қадрсизлантиради, бу хабарни тарқатган манбалар обрўсизлантирилади.
Фейкка қарши курашиш ва уни аниқлашда нималарга эътибор бериш лозим?
1. Сарлавҳаларга танқидий муносабатда бўлинг
Фейк хабарларда воқеанинг аҳамияти ва эксклюзивлиги ҳақида сарлавҳаданоқ бонг урилади. Бундай антиқа услуб бирор ташкилот буюртмаси билан нон топадиган журналистнинг ихтироси бўлади, холос.
2. Ҳаволаларга эътибор беринг
Асл ҳаволадан фойдаланиб биринчи манбага ўтишга ҳаракат қилинг ва янгиликларнинг УРЛ манзилларини текширинг. Сайт сиз билган машҳур ОАВникига ўхшаши мумкин, лекин линкига турли қўшимчалар ёки белгилар қўшилган бўлса, манба ва маълумотнинг сохталиги 100 фоизга тенг.
3. Манбаларни текширинг
Ишончли нашрни ўқиётганингизга аминмисиз? Агар материал номаълум манбада чоп этилган бўлса, хабарни кимгадир етказишдан олдин бу ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қилинг. Ҳар қандай сифатли сайт қоида тариқасида "Биз ҳақимизда" каби саҳифаларига эга бўлади. Алдоқчилар эса "юз"ларини кўрсатишни ёқтирмайди.
4. Матнда хатоларга эътибор беринг
Фейк хабарлар кўпинча имловий, грамматик, илмий ва услубий хатоларга тўла бўлади.
5. Фото ва видео контентни кўриб чиқинг
Одатда фейк материал ёрқин фотосуратлар билан тўлдирилади. Google, Yandex, TinEye тизимларида суратлар орқали излаш хизмати ёрдамида фотонинг тарихини текширинг. Эҳтимол, айнан сиз излаган расмга дуч келарсиз. Балки, унинг бир қисимига. Ҳар ҳолда, қидирув тизимлари сизга фейкни аниқлаш учун жуда яхши кўмак беради.
6. Хабарнинг берилган санасига диққат қилинг
Кўпинча фейк янгиликларда аниқ сана кўрсатилмайди, чунки ҳеч қачон содир бўлмаган воқеалар ҳақида гапирилади. Сифатли нашр материалнинг муаллифи ва чоп этилган санасини яширмайди, албатта.
7. Муаллиф хабарни нимадан бошлаган?
Агар мақолада фавқулодда муҳим воқеа ҳақида сўз юритилсаю, лекин муаллиф бирламчи манбаларга ҳавола беришдан бош тортган бўлса, исм-фамилияси ошкор этилмаган мутахассисларнинг тадқиқотларидан иқтибос келтирса ёки "Бу оддий ҳақиқатни ҳамма билади" каби умумий гаплардан фойдаланса, демак, фейкни факт сифатида кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда. Бу материалга муаллифнинг шунчаки фантазияси маҳсули деб қараш керак.
8. Ўхшаш янгиликни бошқа нашрлардан ҳам қидиринг
Агар бошқа йирик ОАВларда шунга яқин мазмундаги хабарлар учрамаса, фейк бўлиши эҳтимоли юқори. Сиз ишонадиган нуфузли сайтлар ёзган бўлса, унда қаноат ҳосил қилиш мумкин.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, огоҳлик давр талаби. Ўқиган, эшитган хабарларингизга ишонишдан ва бўлишишдан олдин текширишни унутманг. Медиа саводхонлик бўйича туркум лавҳаларимизни кузатишда давом этинг.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WpQhfDV6zgY" title="Faktcheking: haqiqat va yolgʻon chegarasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, И.Исматов ЎзА