Эъзоз ва эҳтиромга муносиб фидойилар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида 5 нафар фарғоналик таълим фидойилари ҳам бор.
Фарғона вилоят ҳокимлигида давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят секторлари раҳбарлари, таълим соҳаси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
[gallery-19550]
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров барчани Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклаб, сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритди. Янги Ўзбекистонда таълим тизимини ривожлантириш давлатнинг бош вазифаларидан бири сифатида белгилангани, барча куч ва имкониятларимизни ёшларимизнинг интеллектуал ва жисмоний камолоти, уларнинг сифатли таълим олиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун сафарбар этилаётгани таъкидланди.
Мана шундай улкан ишларда ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни ва меҳнати беқиёс экани қайд этилиб, таълим сифати рейтингида Фарғона вилояти ҳам етакчи ўринни эгаллаётгани эътироф этилди.
Тантанали тадбирда давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди. Мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар устозларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва рағбат учун миннатдорлик билдирди.
Тадбир “Wine Garden” мажмуасида шаҳар-туманлардан келган ўқитувчи ва мураббийлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда меҳнат фахрийлари иштирокидаги катта байрам тантанасига уланди. Таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, гўзал рақслар барчага кўтаринки кайфият улашди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА