“Эзгулик манзили” акцияси давом этмоқда
Қашқадарёда “Эзгулик манзили” хайрия акцияси ўтказилди. Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ташкил этилган акция эҳтиёжманд, кам таъминланган, оғир шароитда яшаётган оилалардаги бемор болаларга консультатив ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бу акцияга Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг тажрибали мутахассислари жалб этилган. Қашқадарё вилоятидаги кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида ташкил этилган акция доирасида жамғарманинг тиббий дастурларига асосан бемор болаларни даволаш, бепул дори-дармон воситалари билан таъминлаш, саломатлигини тиклаш, операция қилишга зарурат бўлган бемор болаларда мураккаб операция амалиётларини ўтказиш режалаштирилган.
Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан бу каби акциялар республикамиз бўйлаб мунтазам ўтказиб келинмоқда. Шу кунгача, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Андижон, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларида худди шу каби 1200 нафардан ортиқ болалар тиббий кўрикдан ўтказилган. Юртимиз ва хорижлик шифокорлар иштирокида жарроҳлик амалиётлари ўтказилган.
[gallery-8838]
Акциянинг дастлабки кунида 250 дан ортиқ бемор болалар ва уларнинг ота-оналари ташриф буюрди. Биринчи босқичда барча болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шифокорларнинг тавсия ва хулосалари асосида шу ернинг ўзида 45 нафар болада операция амалиётлари ўтказиладиган бўлди. Қолган болаларда эса бу жараёнлар босқичма-босқич амалга оширилади.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган Жамоат фондига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Ўтган давр мобайнида республикамизнинг кўпгина ҳудудларидан тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож болажонларга хайрия ёрдамлари, операция харажатлари тўлиқ қоплаб берилди. Ҳозир ўтказилган акция доирасида ҳам Жамоат фонди томонидан нафақат болаларни операция қилиш, балки уларни соғломлаштириш, зарур дори воситалари билан таъминлаш каби харажатлар ҳам тўлиқ қоплаб берилмоқда.
Эътиборлиси, Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди томонидан нафақат юртимиз, балки хорижий клиникалар билан ҳам ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Бу келишув доирасида ҳам қатор ижтимоий-тиббий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳозирда 19 нафар бемор болалар хорижнинг нуфузли клиникаларида даволанмоқда. Албатта, бу каби ижтимоий акцияларнинг доимий равишда ўтказилаётганлиги бемор болажонларни тўлиқ даволаш, уларни тенгдошлари каби соғлом ҳаётга қайтариш йўлидаги эзгу амаллардан бири ҳисобланади. Акция 24 сентябрга қадар давом этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.