Эзгу дуоларга йўғрилган сафар
Қадим Туркистон азалдан туркий халқлар маънавиятининг бешиги, буюк алломалар изи сақланган муқаддас замин сифатида эъзозланади. Бу табаррук масканга қилинган ҳар бир зиёрат инсон қалбида эзгу туйғуларни уйғотиб, унинг маънавий дунёсини янада бойитади.
Ана шундай файзли сафар Сирдарё вилоятининг бир гуруҳ нуронийлари учун ташкил этилди. «Маънавият – Сафар – Хотира» шиори остида Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрига уюштирилган икки кунлик зиёрат саёҳати отахон ва онахонларга муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш, бой тарихий мерос билан яқиндан танишиш ҳамда унутилмас таассуротларга эга бўлиш имконини яратди.
Сафар Арислонбоб зиёратгоҳидан бошланди. Бу ерда юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва келажак авлоднинг бахтли ҳаёти учун эзгу дуолар қилинди. Кейин Гавҳар Она мақбараси зиёрат этилиб, ўтганлар руҳига Қуръони карим тиловат қилинди..

Зиёратнинг энг таъсирли лаҳзалари Туркистон шаҳридаги буюк мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий меъморий мажмуасида кечди. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ушбу ноёб обида, Робия Султон Бегим мақбараси, қадимий Чиллахона ҳамда тарихий ҳаммом иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Нуронийлар нафақат ушбу обидаларнинг ноёб меъморий ечимлари, балки уларнинг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ҳақида ҳам батафсил маълумот олдилар.
Кечки пайт Туркистоннинг замонавий қиёфасини намоён этувчи «Keruen Saray» сайёҳлик мажмуасига ташриф буюрилди. Мусиқали фавворалар, ёруғлик шоуси ва миллий анъаналарни акс эттирувчи маданий дастур сафар иштирокчиларида ёрқин таассурот қолдирди.
Саёҳатнинг иккинчи куни Укошо Ота зиёратгоҳида эзгу дуолар билан бошланди. Мир Омон Ота масжидида жума намози адо этилар экан, икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталари янада мустаҳкамланиши учун дуо қилинди.
Сафар давомида нуронийлар Туркистон шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш борасидаги илғор тажрибалар ҳамда замонавий сайёҳлик инфратузилмаси билан ҳам яқиндан танишдилар.

— Умрим давомида кўплаб юртларда бўлдим, кўплаб қадимий қадамжоларни зиёрат қилиб, у ерларда мангу қўним топган авлиёлар ва донишмандлар хотирасига эҳтиром бажо келтирганман. Туркистонга қилган бу зиёратимиз эса ўзгача мазмун ва руҳга эга бўлди. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихи, илдизлари ва маънавий мероси билан яна бир бор юзма-юз келади. Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг мақбараси, Арислонбоб ва бошқа муқаддас қадамжолар инсон қалбига ором бағишлайди. Биз бу ерда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги учун дуо қилдик. Туркистонда тарихий меросни эҳтиёткорлик билан асраб-авайлаш, уни замонавий ҳаёт билан уйғунлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар бизда чуқур таассурот қолдирди. Энг муҳими, бу сафар нуронийларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди, — дейди меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Камолхон Убайдуллаев.
Зиёрат саёҳати “SIRDARYOTURIZM” томонидан ташкил этилди. Қулай транспорт, муносиб жойлаштириш ва пухта ишлаб чиқилган сафар дастури иштирокчиларнинг мамнунлигига сабаб бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири