Европарламент Канадада ваколатхона очади
Европа парламенти бюроси Канада пойтахти Оттавада расмий ваколатхона очиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу идора Европарламентнинг ЕИ ҳудудидан ташқаридаги ваколатхоналар тармоғини кенгайтириб, Вашингтон ва Нью-Йоркдан сўнг Шимолий Америкадаги учинчи муҳим сиёсий марказга айланади.
Европарламент президенти Роберта Метсола таъкидлашича, Оттавадаги янги идора парламентлар аро алоқани мустаҳкамлашга хизмат қилади. Томонлар трансатлантик хавфсизлик ва савдо алоқаларидан тортиб, Арктика минтақасидаги барқарорлик ва барқарор ривожланиш масалаларигача бўлган соҳаларда яқин ҳамкорлик қилишни режалаштирган. Шунингдек, мудофаа соҳасидаги шериклик доирасида кибер хавфсизлик, денгиз хавфсизлиги ва Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича мулоқот янада чуқурлаштирилади.
Мазкур қарор Канада Бош вазири Марк Карнининг Страсбургдаги Европарламентда кутилаётган нутқи ва кузда ўтказилиши режалаштирилган икки томонлама саммит олдидан эълон қилинди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА