Европадаги қурғоқчиликка одамларнинг ўзлари айбдорми?
Қурғоқчилик жануб одамларига бегона эмас, беш-ўн йилда бир кузатиладиган ҳолат. Бинобарин, одатда, ёз бироз салқин, қиш нисбатан илиқ келадиган Европа қитъасида бу йил иссиқ мавсум тарихда камдан-кам учрайдиган юқори ҳарорат билан ўтаётгани барчани, жумладан, олимларни ҳам хавотирга солиб қўйди.
Испания, Франция, Италия, Греция, ҳатто, қитъа шимолида жойлашган Буюк Британия ва бошқа кўплаб мамлакатларда иқлим барқарорлиги сақланиши учун муҳим бўлган йирик дарёлар сатҳи пасайиб кетиши ёки қуриб қолиши қишлоқ хўжалик соҳасига жуда катта зиён келтирмоқда. Қурғоқчилик оқибатида улкан дарахтзорлар аланга ичида қолди, ўрмонларга яқин истиқомат қилаётган аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилди. Ҳарорат баландлиги, ҳаво босими юқорилиги, айниқса, кексаларни мушкул аҳволга солмоқда. Ҳаво ҳарорати ҳаддан зиёд юқорилиги шароитида қитъа мамлакатларида ўлим билан боғиқ ҳолатлар бу йил ҳар қачонгидан кўп бўлди.
Камдан-кам кузатиладиган бундай ҳолатнинг сабаби нимада?
Олимлар, об-ҳавошунослар бунга биринчи навбатда иқлим ўзгаришини сабаб қилиб кўрсатаётгани шубҳасиз. Миллий иқтисодиётни юксалтириш мақсадида табиий бойликларни аямай ўзлаштириш, инсонларнинг хўжалик юритиш услуби ўзгариши, ҳаётни янада енгиллатиш учун табиатга кўрсатилаётган зуғум, кундалик истеъмол миқдори кескин ошиб бориши, саноат ривожланиши – буларнинг бари атроф-муҳит мана шундай аянчли ҳолатга келишидаги бош сабаб эканини бугун ҳеч ким рад этмайди, албатта.
Албатта, олимлар фақат шу омилларни кўрсатиш билан чекланиб қолишгани йўқ. Улар қурғоқчиликнинг бошқа сабаблари ҳам борлигига шубҳа қилишмаяпти.
Масалан, яқинда бир гуруҳ олимлар Европада кузатилаётган иссиқ ва қуруқ ёз Атлантика океани билан боғлиқ, деган фаразни илгари суришди.
Табиийки, иссиқ, қурғоқчилик барча минтақалар каби европаликлар учун ҳам иқтисодиётга, аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид. Айтиш жоиз, Туманли альбион, дея таърифланадиган Англияда сўнгги йиллардаги энг даҳшатли қурғоқчилик кузатилди. Францияда ўрмон ёнғинларини тўхтатиб бўлмаяпти, Германияда Рейн дарёси сатҳи кескин пасайган. “Daily Mail” нашри ёзишича, бунинг икки сабаби мавжуд. Биринчиси - глобал исиш ва Азор аксил циклони. Британиядаги “Мет Оффиc” олимлари фикрича ҳам бу йил ёз Европада кузатилган ҳаддан кучли қурғоқчиликка “Азорес” аксил циклони сабаб экан.
Азор - Атлантика океанидаги жуда юқори босимли ҳудуд. Мазкур аксил циклон кўпинча "ёғингарчиликни кечиктирувчи ҳодиса" деб ҳам юритилади ва субтропик узра тушадиган қуруқ ҳаводан ҳосил бўлади. Қолаверса, Франция, Испания, Португалия, Буюк Британия ва Германия ёзда даҳшатли иссиқ ва ёғингарчилик келтириб чиқарадиган ушбу ҳолат таъсирига, айниқса, сезгир. Бу ҳодиса, одатда, Пиреней ярим ороли мамлакатларига кучли таъсир кўрсатади. Бинобарин, мутахассислар жорий йил бу об-ҳаво ҳодисаси ҳажми йириклашиб, бошқа Европа мамлакатларида ҳам ҳарорат кўтарилишига олиб келди, дейишмоқда.
Аслида, мазкур аксил циклон ўз таъсирини, деярли, бутун Европага тарқатса-да, узоқ давом этмайди. Бу йил эса, бахтга қарши, бутун ёз давомида юқори ҳарорат умуман тушмади, ёғингарчилик жуда кам кузатилди ёки деярли бўлмади.
Метеорологлар сўнгги 100 йил ичида Азор баланд тоғлари сезиларли катталашганини таъкидлаб, бу ҳодиса яна давом этишини тахмин қилишяпти. Шунинг учун ёз Европада иссиқ тўлқин ва қурғоқчиликка бой келди. Ридинг университети ходими Найжел Арнелнинг фикрича, бу ёз нафақат Азор тоғлари улғайган, балки глобал исиш ҳам кучайган. - Бундай узоқ муддатли иссиқ ва қурғоқчилик глобал иқлимни ўзгартирмоқда, - дейди Арнелл. - Олиб борилган кузатув натижасида, масалан, Буюк Британияда сўнгги 140 йил ичида энг иссиқ йил кузатилди. Агар иссиқхона гази чиқиндиси кўпаймаганда, Азор аксил циклони таъсири бунчалик кучли сезилмасди. Энди қурғоқчилик тез-тез ва кенгроқ ҳудудларда содир бўлаверади.
Яқинда оммавий ахборот воситалари Нидерландиядаги Рейн дарёсининг Лобит қишлоғидаги ўзанида сув сатҳи рекорд даражада пасайгани ҳақида хабар берди.
2018 йил 29 октябрь куни Рейн дарёси сатҳи 6.49 метрни ташкил этган ва бу энг паст кўрсаткич ҳисобланарди. Бу йил август бошида ҳукумат жазирама тўлқини ортидан қурғоқчилик келгани туфайли сув танқислигини эълон қилди. Баъзи жойларда ер эгаларига экин майдонини суғориш тақиқланди. Расмийлар, шунингдек, Нидерландиядаги энг йирик ичимлик суви манбаларидаги миқдорни ҳам кузатиб бормоқда. Маълумки, Нидерландия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ютуқлари билан нафақат минтақада, балки дунё бўйича ном қозонган. Алҳол, бу натижалар замирида соҳада қўлланаётган янги инновацион технологиялардан ташқари, сувнинг ҳам ўрни муҳим эканини унитмаслик керак.
Сўнгги ҳафталарда иссиқ ва қуруқ об-ҳаво туфайли Германияда ҳам Рейн дарёси сатҳи кескин пасайган.
- Бу йил франциялик фермерлар учун ҳам синовли келди, - дейди Франция полиз етиштирувчилар миллий ассоциацияси раҳбари Жак Рушассе “Franceinfo” радиоканали эфирига чиқишида. - Мамлакатда кузатилган қурғоқчилик полиз экинлари ва мевали дарахтлар ҳосилини, қарийб, 35 фоиз қисқартирди. Ҳосилга катта зиён етган. Кўрилган зарарни 25-35 фоиз ҳисоблаяпмиз. Французлар озиқ-овқат мустақиллиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун сувдан фойдаланиш тартибини вазиятга қараб мослаштириши зарур.
Франциянинг "Метео-Франс" миллий метео хизмати маълум қилишича, 2022 йил июль ойи мамлакат тарихидаги иккинчи энг иссиқ давр бўлди. Қурғоқчилик натижасида мамлакатнинг кўп ҳудудларида сувдан фойдаланишга чеклов жорий қилинди.
Яқинда Франция ўрмонлари олов исканжасида қолаётгани ҳақида хабар тарқалди. Энди Испанияда ҳам ҳарорат кескин юқорилаб кетгани, мамлакат ўрмонларига ёнғин офати ёпирилаётгани маълум қилинмоқда. “Euronews” канали ҳозиргача оловли офат 250 минг гектар экин майдонини нобуд қилганини айтди.
Аликанте провинциясида ёнғинни назоратга олиб бўлмаяпти. Офатни бартараф қилишга ҳарбийлар ҳам жалб этилган.
Валь-де-Эбо туманида ёнғин 3.5 минг гектар ўрмонни кулга айлантирди. Ўтган якшанба куни хавфли жойлардан 1 минг 200 киши кўчирилди. Сарагоса провинцияси Аньон-де-Монкайо туманидан ҳам бир ярим минг киши хавфсиз жойга олиб чиқилди.
Ёнғин, ҳатто, Европанинг Буюк Британия каби, нисбатан, совуқ ҳудудига ҳам тарқалди. Душанба куни Суррей графлигида уй ёниб кетди. Ўт ўчирувчилар уй ҳайвонларини аранг қутқариб қолишди.
Икки йилдан кўпроқ давом этаётган пандемия асорати, Укранидага ҳарбий ҳаракатлар жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари кескин қимматлашишига сабаб бўлди. Ана шундай мураккаб шароитда йил ҳам иссиқ келиши, ёғингарчиликсиз ўтаётган экин-тикин мавсуми қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммоларни янада кескинлаштириши турган гап. Тўғри, ҳозирча кўпчиликка сезилмаётгандир, лекин экспертлар ҳақиқий асорат қишда намоён бўлиши мумкин, деган фаразни илгари суришмоқда.
Демак, хавотирга тушишга асос бор.
С.Раҳимов,
ЎзА