Европа Туркиядан совутгич етказиб беришни сўради
Европа мамлакатларида кузатилаётган ҳаддан зиёд иссиқ тўлқин кондиционерларга талабни кескин оширди. “Türkiye Gazetesi” хабарига кўра, захира камайиши сабабли, Франция ва Германия турк компанияларига совутгичларни шошилинч равишда етказиш бўйича сўров билан мурожаат қилган.
“Daikin Turkey” бош директори ўринбосари Ўлжай Авжи сўзларига кўра, жорий йил дастлабки беш ойида буюртма 2025 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки баробар кўпайган.
Яна бир компания – “Midea Turkey” раҳбари Ойдин Кузалти ҳам кўҳна қитъа мамлакатларидан шошилинч қўшимча сўров олинаётгани, аниқроғи “Бизга барча мавжуд захирангизни юборинг” мазмунида хабар олганини айтди ва яқин келажакда етказиб бериш миқдори 100 000 донага етиши мумкинлигини қўшимча қилди. Қолаверса, шамоллатиш мосламаларига ҳам талаб кескин ўсган.
Дарҳақиқат, Европа аҳолиси бу йил аввал кузатилмаган юқори даражадаги ҳароратга дуч келди. Ҳаво кутилмаганда кескин исиб кетиши ортидан юз бераётган воқеалар минтақа нотабиий иссиққа тайёр эмаслигини намоён этди. Масалан, Францияда иссиқ тўлқин бир ҳафта ичида 2000 дан кўп одамнинг ҳаётига зомин бўлди.

– Францияда бир ҳафта давомида ҳаддан ташқари иссиқ пайти 2025 ноодатий ўлим ҳолати қайд этилди, – дея баёнот берган соғлиқни сақлаш вазири Стефани Рист.
Дастлабки маълумотга кўра, ўлим даражаси олдинги ҳафтага нисбатан 30 фоиз ошган. Энг кўп салбий ҳолат 45 ёшдан ошганлар орасида кузатилган. Уйда вафот этганлар сони эса 91 фоиз кўпайган. Расмийлар маълумот ҳали тўлиқ эмаслиги, рақамлар ўзгариши мумкинлигини таъкидламоқда.
Германияда ҳам синовли давр бошланганига анча бўлди. Вазият шу даражага етдики, жанубдаги Бавария пойтахти Мюнхен шаҳрида рекорд даражадаги иссиқ, қурғоқчилик ва ер ости суви сатҳи пасайиши туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Шаҳар мэри Доминик Краузе шундай дейди:
– Биз ўтган аср 70-йиллари бошидан бери юз бермаган фавқулодда ҳолатга дуч келдик. Узоқ давом этган иссиқ тўлқин туфайли сувга талаб сезиларли даражада ошиб, Мюнхен сув таъминоти тизими имконияти чегарасига яқинлашяпмиз. Шунинг учун дарҳол сувни тежаш чораларини кўрамиз.
Таъкидланишича, ичимлик суви таъминоти ҳозирча барқарор. Шунга қарамай, Мюнхен ойна тозалашни тўхтатиб, 150 жойдаги безак-фавворадан камида 10 тасини ёпиш орқали жиддий чеклов жорий этди. Бундан ташқари маҳаллий аҳолига истеъмолни камайтириш тавсия қилинди. Масалан, машина ювмаслик, ванна эмас, душдан фойдаланиш, тиш юваётганда жўмракни ёпиб туриш, сузиш ҳавзасини тўлдирмаслик ва ҳоказо.
С.Раҳимов, ЎзА