Европа оғир атлетикаси атрофидаги гап-сўзлар
ХОҚ қошидаги Халқаро синов агентлиги(ITA)нинг 3 кун муқаддам IWF ижроқўм аъзоларига нисбатан эълон қилган айблови натижасида Европа оғир атлетика федерацияси президенти Хасан Аккус истеъфога чиқди, дея хабар тарқатди insidethegames.biz. сайти.
Хабарда келтирилишича, Аккуснинг Европа оғир атлетика федерацияси раҳбарлигидан кетиши уни IWF ижроия қўмитаси аъзолигидан, Туркия оғир атлетика федерациясини бошқаришдан маҳрум қилибгина қолмай, олимпия ҳаракатидаги иштирокини ҳам чеклаб қўйиши эҳтимолга яқин.
Унинг “саҳна”дан тушиши Европа оғир атлетика федерацияси биринчи вице-президенти Максим Агапитовнинг мавқеи юксалишига олиб келади. IWF Низомига асосан россиялик мутахассис Европа оғир атлетикасининг вақтинча раҳбарлигига киришади. Аммо экспертларнинг фикрига кўра, россиялик мутахассис Халқаро олимпия қўмитаси учун исталмаган шахс ҳисобланади.
Ўз навбатида, туркиялик мутахассис “Токи, халқаро синов агентлиги менинг айбсизлигимни тан олмас экан, Европа оғир атлетика федерацияси(EWF) раҳбарлигини бажаришдан воз кечаман”, дея баёнот берди.
Байден Токиога бормайди
Оқ уй маъмуриятига яқин манбаларнинг хабарларига таянган ҳолда ХОҚ сайти Токиода бўлиб ўтадиган ёзги олимпия ва паралимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида АҚШ президенти Жо Байденнинг қатнашмаслигини эълон қилди.
Маълумотда келтирилишича, АҚШнинг биринчи хоними Жилл Байден олимпия ўйинларининг асосий маросимларида АҚШ ҳукумати номидан иштирок этади. Бу ҳақдаги ахборотни Япониянинг юқори мартабали вакиллари ҳам тасдиқлашди.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган олимпия ўйинларининг очилиш маросимида АҚШ номидан давлат котиби Жон Керри иштирок этганди.
Японияда ўтказиладиган ёзги олимпия ўйинларининг тантанали маросимларида ҳозирча давлат раҳбарларидан Франция президенти Эммануэль Макрон “ҳар қандай ҳолатда” ҳам қатнашиш истагини билдирган.
Албатта, бу тушунарли. Чунки 2024 йилги олимпия ўйинлари Парижда бўлиб ўтади. Шу боисдан ҳам айнан Макрон ёзги олимпия ва паралимпия ўйинларининг эстафета байроғини Япониядан қабул қилиб олади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА