Европа Кенгаши президенти бош маслаҳатчиси билан учрашув тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Брюссель шаҳрида Европа Кенгаши президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича бош маслаҳатчиси Саймон Мордю билан учрашди.
Суҳбат давомида томонларни қизиқтирган соҳалардаги Ўзбекистон – Европа ҳамкорлигига оид долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро алоқани ривожлантириш, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим бўйича музокара жараёнини жадаллаштириш, хавфсизлик соҳасидаги саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш, шунингдек, минтақалараро алоқа кўламини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
“Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ва “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” шаклида бўлажак тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди.
Афғонистондаги бугунги вазиятнинг минтақавий хавфсизликка таъсирига алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишда жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатини бирлаштириш зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати