Европа Иттифоқининг элчиси Хоразмда
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тоиво Клаарнинг олийгоҳ ректори Феруза Мадраҳимова билан расмий учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Урганч давлат университети ва Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий, академик ва инновацион ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, “Erasmus+” дастури имкониятлари муҳокама қилинди.

– Бугун муҳтарам элчи жаноблари билан “Erasmus+” дастури доирасидаги халқаро лойиҳаларда университет иштирокини кенгайтириш, Европанинг етакчи олий таълим муассасалари билан қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект, яшил энергетика ҳамда экология каби устувор йўналишларда янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш каби муҳим масалалар бўйича фикр алмашдик, – дейди университет ректори Феруза Мадраҳимова. – Шунингдек, мулоқотимиз жараёнида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Расмий учрашувдан сўнг Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тоиво Клаар Урганч давлат университетининг хорижий филология факультети талабалари билан ҳам учрашди.

Учрашувда элчи “Erasmus+” дастури, унинг ёшлар учун тақдим этаётган халқаро таълим имкониятлари, академик алмашинув дастурлари ҳамда Европа университетлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, талабаларнинг халқаро таълим дастурларида иштирок этиши, хорижда билим ва тажриба орттириши, илмий-академик салоҳиятини ривожлантириш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.

Учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан элчига бевосита мурожаат қилиб, тегишли маълумот ва тавсияларни олди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири