Европа Иттифоқининг 11,5 миллион евро грант маблағи ажратилади
Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов ва Франция тараққиёт агентлигининг Ғарбий Болқон мамлакатлари, Яқин Шарқ ва Осиё департаменти директори Филип Орлеанж ўртасида бўлиб ўтган музокаралар давомида маълум қилинди.
Мамлакатимизда биринчи марта бўлиб ўтаётган «Тошкент халқаро инвестиция форуми» доирасидаги учрашув давомида Франция тараққиёт агентлиги томонидан мамлакатимиз чорвачилик тармоғида маслаҳат марказларини ташкил қилиш, экспертларни саралаб олиш, уларни сертификатлаш ва рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш, лойиҳа ташаббускорлари учун маслаҳат марказлари орқали менеджмент ва бизнесни ривожлантириш бўйича техник кўмак тизимини ташкил этиш муҳокама қилинди.
Шунингдек, агентлик иштирокидаги лойиҳада иштирок этувчи тижорат банкларининг чорвачилик соҳасида хизмат кўрсатиш салоҳиятини ошириш учун техник ёрдам кўрсатилиши белгилаб олинди.
Бунда хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда банк ходимларини чорвачиликнинг муҳим техник масалалари бўйича ўқитиш, қўшилган қиймат занжирини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу тизимни тижорат банкларида жорий этиш, “яшил инвестициялар” тамойили асосида сублойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда ривожланган мамлакатларда малака ошириш курсларини ташкил этишга келишилди.
И.Аввалбоев, ЎзА