Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Шарлотта Адриан хоним бошчилигидаги Европа Иттифоқи делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Европа таълим тизими билан интеграция жараёнларида ҳамкорлик, таълимда сифатни ошириш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш ва қўллашда ЕИ томонидан молиялаштириладиган “Twinning” ва “TAIEX” дастурларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир аввалида Таълим инспекцияси бошлиғи Шарлотта Адриан хонимга ташриф учун миннатдорчилик билдирар экан, инспекция фаолияти, хусусан таълим сифатини ошириш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусида Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда режалаштирилаётган истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди.

Бундан ташқари, мутахассислар томонидан таълим сифатини баҳолашга қаратилган PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро дастурларда илк маротаба иштирок этилаётганлигига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шарлотта Адриан хоним илиқ қабул ва берилган батафсил маълумотлар учун миннатдорлик билдирар экан, таълим соҳаси бўйича таклифларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди.
– Аввало, шуни таъкидлашни истардимки, Европа Иттифоқи учун таълим соҳаси доимо устувор аҳамиятга эга бўлиб келган. Шу нуқтаи назардан биз мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни доимо қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Шу кунга қадар гувоҳи бўлганларимдан келиб чиқиб айта оламанки, Таълим инспекцияси ёш ташкилот бўлишига қарамасдан жуда кўп салмоқли лойиҳаларни амалга оширишга муваффақ бўлди. Бу таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширадиган ҳамкорлик алоқаларимиз ва ушбу йўналишдаги “Йўл харита”ларимизни такомиллаштиришимизда алоҳида аҳамият касб этади, – деди Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, “Twinning”, яъни “биродарлик” лойиҳаси Европа Иттифоқи қонунчилиги учун зарур кўникма ва тажрибага эга бўлган институционал ҳамкорлик орқали шерик мамлакатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган узоқ муддатли лойиҳа ҳисобланади. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади кадрлар тайёрлаш ва давлат институтлари тузилмаларини қайта ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали шерик давлатлар маъмуриятларининг бошқарув салоҳиятини оширишга қаратилган.

TAIEX дастури эса техник ёрдам ва ахборот алмашиш воситаси бўлиб, Европа Иттифоқининг кенгайиш стратегиясининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу дастур Европа Иттифоқи аъзо давлатларининг энг яхши тажрибаларини алмашиш орқали аъзо ва шерик давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди.
Учрашувда томонлар кўрилган масалалар юзасидан ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттиришга келишиб олди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА