Европа илмий инқилобининг илдизлари Марказий Осиёга бориб тақаладими?
Марказий Осиёнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрни нафақат муайян минтақа тарихи, балки инсоният ривожининг муҳим қисми сифатида ҳам қайта ўрганилмоқда.
Ана шундай муҳим илмий ишлардан бири - Испанияда нашр этилган Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, академик Азамат Зиё ва Севилья, Кадис ва Вальядолид университетлари тарихчиларининг биргаликдаги йирик илмий тадқиқоти - "Un milenio de globalizaciones en el Asia Central. De los albores de la Edad Media a la contemporaneidad" ("Марказий Осиёда минг йиллик глобаллашувлар: Илк ўрта асрлардан кунимизгача") асари ҳисобланади.
Ундаги “La senda de la civilización global de Asia Central" ("Марказий Осиёнинг ялпи цивилизациялашув йўли") таҳлилий ва бутунлай янгича ёндашувлардаги мақоласида академик Азамат Зиё бир неча муҳим масалаларни илгари сурган. Хусусан, мақолада Турон цивилизацияси инсоният тарихидаги энг қадимги ривожланиш марказларидан бири ҳисобланиши келтирилган. Таҳлилларга кўра, бундан 8000 йил аввал минтақада ўтроқ ҳаёт тарзи ва деҳқончилик пайдо бўлган. Кейинчалик эса, сунъий суғориш тизимлари, шаҳарсозлик маданияти ва давлатчилик анъаналари шаклланиб, булар бутун минтақа тараққиётининг асосига айланган. Муаллифнинг таъкидлашича, энг қадимги замонларда Турондан бошланган Лаъл, Ложувард, Бадахшон, Туз йўллари мамлакатлараро иқтисодий алоқалар тармоғини шакллантирган.
Мақолада зардуштийлик, буддавийлик ва ислом дини цивилизациялари ривожида Турон минтақасининг муҳим ўрин тутгани алоҳида таъкидланади. Бундан ташқари, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Насаф, Кеш, Термиз, Марв, Фарғона, Марғилон ва Тошкент шаҳарларида етишиб чиққан математика, физика, астрономия, механика, геология, геодезия, кимё, биология, ботаника, тиббиёт, доричилик, фалсафа, тарих, адабиёт, санъат соҳаларида фаолият юритган юзлаб алломаларнинг Европа илмий инқилоби илдизлари маълум маънода Марказий Осиё илмий муҳити билан ҳам боғлиқ экани таъкидланади.
Ушбу тадқиқотда ХIХ асрнинг иккинчи ярмида минтақа Россия империяси томонидан босиб олингани ҳам келтириб ўтилади. Муаллиф бу даврни Турон цивилизацияси тараққиётидаги мураккаб босқичлардан бири сифатида баҳолайди. Академик Азамат Зиё мақоласини қуйидаги рамзий хулоса билан якунлайди: “Ўзбекларда бир доно мақол бор: оққан дарё оқаверади”. Айтиш лозимки, Испанияда нашр этилган мазкур тадқиқот нафақат Марказий Осиё тарихи, балки инсоният цивилизацияси тарихи ҳақидаги тасаввурларни ҳам бойитади.
ЎзА