Евро – 2020: қувонч ва армон кўз ёшлари
Бугун футбол бўйича Европа чемпионати 1/8 финал босқичининг сўнгги жуфтлик баҳслари бўлиб ўтади. Кеч соат 21.00 да ўтадиган баҳсда Англия ва Германия бир- бирига рўбарў келса, тунги футбол “спектакли”да(соат 00.00) Украина Швеция билан 1/8 эшикларини ёпишади.
Айтиш лозимки, ўтган учрашувлардаги шиддатли футбол тўқнашувлари миллионлаб ишқибозларга чексиз завқу шавқ бағишлаш билан, қувонч ва армон кўз ёшларига ҳам сабаб бўлди. Уэльс, Австрия, Португалия, Голландия, Хорватия ва амалдаги жаҳон чемпиони Франциянинг “Евро-2020”нинг томошабинлар қаторидан жой олиши кимлар учундир кутилган ва кутилмаган муждаларни туҳфа этди.
Нима бўлганда ҳам, кўҳна қитъа футболининг катта ҳаяжони – финал босқичи тобора яқинлашгани сайин унинг атрофидаги ғала-ғовурлар авж паллага чиқмоқда. Кузатишда давом этамиз.
Бугун Тошкент вақти билан 21.00.да Лондондаги "Уэмбли" стадионида Англия – Германия, 00.00.да эса Шотландиянинг Глазго шаҳрида Швеция – Украина учрашуви бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА