Евро-2020: 29 йиллик натижа такрорланадими?
Очиғи, Европа чемпионатининг ҳар бир учрашуви, хусусан кеча тунда якунланган 1/4 финал босқичидаги Чехия-Дания “спектакли” ҳам жаҳон футболининг кулминацион шоуси даражасида ўтди.
Бундан 29 йил муқаддам, 1992 йили данчанларнинг “аждодлари” Европа чемпиони бўлишганда ҳам айни ҳолатга ўхшаш вазиятлар рўй берганди. Бугун ҳам дунё футбол фанатларида худдики эски Данияга бўлган “футбол ошиқлиги” туйғуси жўш ураётгандек.
Нима бўлганда ҳам кеча тунда Дания Европа футбол жамоалари орасида ўзига хос характер ва жамоавий тартиб-интизомга асосланган Чехия терма жамоасини ишончли тарзда мағлуб этиб (1:2), кейинги босқичга чиқди.
Энди Дания кўхна қитъанинг чарм туп “оқсоқоли” - Англия билан 7 июль куни финал масаласида “музокара майдонига” тушади. 29 йил аввалги аждодлар анъанасини янги авлод давом эттира олармикан, кўрамиз.
Англия-Украина 4:0: Мағлубликни байрам қилганлар
Аслида, Европа чемпионатининг бу галги завқ-шавқида Украинанинг кутилмаганда кичик даъвонлардан омади кулиб, ишонч билан кейинги босқичларга одимлаши барчага ўзгача кайфият бағишлади. Лабановский издошларига бу борада Голландия ва Австрия жамоаларининг “ёрдам” бериб юборгани ҳам бор гап.
Украинларнинг 1/8 финалида Швеция термасини мағлуб этиб, футбол тарихида биринчи марта Европа баландлик нуқтасига кўтарилиши гўёки энди уларни финал йўлида собитқадам инглизлар ҳам тўхтатиб қололмайдигандек эди. Аммо катта устунликка эга бўлган Англия ҳар жиҳатдан Украина терма жамоасига яхшигина “дарс” берди. Учрашув мобайнида Англияга ғалаба келтирган 4 та голнинг учтаси иккинчи поғонадан дарвозага йўлланганини ҳисобга олсак, инглизлар катта футбол оламида нималарга қодирлигини англаш қийин эмас.
Украина терма жамоаси Европа чемпионати билан 1/2 финал остонасида хайрлашди. Мамлакат термаси устози Шевченконинг ўйиндан кейин журналистларга берган интервьюсида шогирдлари учун чемпионатнинг бу тарзда якун топиши, жамоасининг шундай даражага кўтарилиши бу том маънода Украина футболи учун катта байрам, юксак ғалабаларнинг бошланиши маъносида фикр билдириб ўтди.
Тўлқин РЎЗИЕВ