Етти нафар боксчимиз олтин медалга даъвогар
Хабар берганимиздек, Қозоғистон пойтахтида бокс бўйича ўтказилаётган “Елорда кубоги” ҳал қилувчи паллага кириб бормоқда. Бугун, 4 июль куни нуфузли мусобақанинг финал жанглари бўлиб ўтади.
Мусобақада мезбонлардан ташқари Куба, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Мўғулистон каби бокс оламида кучли мактабга эга 10 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатори ҳамюртларимиз ҳам иштирок этмоқда.
Муросасиз ўтган саралаш беллашувларидан кейин Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар эркак ва 4 нафар аёл боксчилари бронза медалига эга чиққан бўлса, 7 нафар боксчимиз финал босқичига йўл олди.
Истеъдодли боксчи йигитларимиздан Шаҳзод Музаффаров, Дилшод Абдумуродов, Адҳамжон Муҳиддинов, Мужибилло Турсунов, Жаҳонгир Зокиров, қизлардан Фарзона Фозилова, Маржона Савриева, Навбаҳор Ҳамидова ва Соҳиба Рўзметова 3-ўрин соҳиблари бўлишди.
Бугун мусобақа финалида ҳамюртларимиздан 48 килограммда Асилбек Жалилов – Темиртас Жуссупов (Қозоғистон), 75 кг.да Саиджамшид Жафаров – Фелециано Мартинес (Куба), +92 кгда Лазизбек Муллажонов – Дамир Тоибай (Қозоғистон), қизлардан 50 кг.да Сабина Бобоқулова – Намики Сукими (Япония), 52 кг.да Феруза Казакова – Жана Шекербекова (Қозоғистон), 54 кг.да Нигина Ўктамова – Боро Жамуна (Ҳиндистон) ҳамда 57 кг оғирликда Ситора Турдибекова – Карина Ибрагимова (Қозоғистон) билан олтин медаллар учун рингга кўтарилади.
Т.Рўзиев, ЎзА