ЕТТБ билан ҳамкорлик янада кенгаяди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчи директори Франсис Малиж бошчилигидаги делегация билан музокара ўтказди.
Делегация таркибида шунингдек, ЕТТБнинг Россия, Марказий Осиё ва Туркия бўйича молия институтлари гуруҳи директори Героргий Орлов ва ушбу банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос ҳам ўрин олди.
Учрашув давомида жорий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш билан боғлиқ устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Кун тартиби доирасида Ўзбекистонда хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ролини қўллаб-қувватлаш ва кенгайтиришга оид чора-тадбирларни, айни йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга оширишга ЕТТБ салмоқли ҳисса қўшаётгани қайд этилди.

Бугунги кунда барқарор, самарали банк тизими фаолиятини йўлга қўймасдан туриб, хусусий секторни ривожлантириш, хорижий инвестиция жалб этииш имконсиз.
Шу маънода ЕТТБ пандемия шароитида савдо ва лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшимча кредит линиялари ажратиш орқали мамлакатимиздаги тижорат банкларини фаол қўллаб-қувватлаётганини эътироф этиш жоиз.
Учрашувда давлатнинг банк тизимидаги иштирокини босқичма-босқич қисқартириш мақсадида Ўзбекистон банк секторидаги ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш, замонавий молиявий технология, операция ва хизматларни жорий этиш мақсадида ЕТТБ билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболи қайд этилди. Зеро, айнан шу билан банк тизими самарадорлигини ошириш, соҳага хусусий инвесторларни жалб қилиш имкони яратилади. Шунингдек, мамлакатдаги бир қатор тижорат банкларида давлат улушини хусусийлаштиришда ЕТТБ иштироки билан боғлиқ аниқ масалаларга эътибор қаратилди.
Мулоқот чоғида ҳамкорликни кенгайтиришнинг бир қатор истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди. Хусусан, янги суғурта воситаларини жорий этиш ва рақобатбардош экотизим яратиш мақсадида суғурта компанияларини хусусийлаштириш бўйича биргаликдаги иш олиб бориш имконияти муҳокама қилинди.

Қамбағалликни қисқартириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кичик ва ўрта бизнесга молиявий ва техник ёрдам ҳажмини ошириш шарт-шароити ўрганилди.
Музокара давомида ЕТТБнинг махсус дастурларини амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалиги сектори, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш дастурларини молиялаштириш ҳажмини ошириш истиқболли экани қайд этилди.
Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ўзбек тижорат банкларига ЕТТБнинг қўшимча кредит ва савдо линияларини тақдим этиш орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш имконияти устида биргаликда ишлашга келишилди.
Учрашув якунида аниқ йўналишлар доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича режалар белгилаб олинди.
ЎзА