Этнотуризм қишлоғи мақоми берилди
Бухоро вилояти Вобкент тумани ўтган асрнинг 20 йилларида ташкил топган. Бугунда ҳудуд 44 та маҳалла фуқаролар йиғинини ўз ичига олади. Туманда тарихий манзиллар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжо ва мақбаралар, масжид ва хонақолар бўлиб, улардан кўзга кўринганлари Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳи, Чашмаи Айюб хазираси, Вобкент минораси, Мавлоно Яъқуб Чархий (Тош масжид), кўҳна ҳаммом каби тарихий обидалари билан туризм салоҳияти ривожланмоқда.
Тумандаги Ширин қишлоғи ўзига хослиги, тарихий анъана ва қадриятлари, маҳаллий урф-одатлари билан этнотуризм қишлоғи сифатида ривожланмоқда. Қишлоқда шўрданак билан бирга қуруқ мевалар, миллий ширинликлар, полиз экинлари ва ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш авлоддан-авлодга ўтиб келаётган мерос саналади.


Қишлоқда бир нечта ўтовлар тайёрланган бўлиб, бир томонда алоҳида сув ҳавзаси, бир ёқда алоҳида оғилхона қуриб, унда сигир-бузоқ, қўй-эчки, товуқ, ўрдак, курка каби парранда ёки қуён парвариши олиб борилаётгани ҳам меҳмонларнинг қизиқиши ва ҳайратини ошириши табиий.
Шу билан бирга, Ширин туризм қишлоғида ташаббускор тадбиркорлар томонидан 20 дан ортиқ меҳмон уйи, 10 га яқин ҳунармандчилик маркази, 20 дан ортиқ савдо ва умумий овқатланиш шохобчаси, ўттизга яқин балиқчилик, ҳалвопазлик, шўрданак тайёрлаш каби хизматлар ташкил этиш орқали 300 нафар кишини иш билан банд қилиш имконияти яратилмоқда.


Умуман, йиллар давомида қишлоқ ҳунармандлари, косиблари, қандолатчилари кундалик иш фаолияти, зардўзларининг миллий ҳунармандчилик сирлари, турли мазали миллий таомларини тайёрлаш жараёни меҳмонлар ҳайратига сабаб бўлиб келади. Сўнгги пайтда бу қишлоқ хорижий сайёҳларнинг ҳам гавжум саёҳат манзилларидан бирига айланиб бормоқда.
Шулар асосида Бухоро вилояти Вобкент туманидаги Ширин қишлоғига этнотуризм қишлоғи мақоми беришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда марказ фаолиятини ривожлантириш, ҳунармандлар, қадимий сандал уйлар, деҳқончилик асбоб-анжомлари тайёрлаш, от ва туяда сайр қилиш, қадимий тош тегирмон иши, шунингдек, асаларичилик, шўрданак ва миллий ширинликлар, қандолат маҳсулотлари тайёрлаш каби удумларни маромига етказиб, чет эллик меҳмонларга ҳам намойиш этиш, тарғиб этишга эътиборни кучайтириш зарурлиги айтилди.
Тадбир иштирокчилари ниҳол кўчатларини ҳам ўтқазди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.