Этноспорт майдонидаги музаффар ўзбек полвони
Глобаллашув шиддат билан одимлаётган бугунги даврда миллий анъаналар, қадим қадриятларни асраб қолиш жуда муҳим. Айни кунларда маданиятлар ва цивилизациялар туташган тарихий Истанбул тупроғида бўлиб ўтаётан 8- Бутунжаҳон Этноспорт маданият фестивали дунё халқларини айнан шундай эзгу мақсад йўлида жамлади.
Турли давлатларидан келган спортчи, ҳунарманд, санъаткорларни бирлаштирган ушбу майдон эллар ўртасидаги қардошлик, жипслик ва тинчлик рамзига айланди.
Ушбу нуфузли жаҳон анжуманда Ўзбекистондан ҳам Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари ҳамда Этноспорт федерацияси раҳбарияти бошчилигидаги кенг таркибли расмий делегация ҳам қатнашмоқда.
Анжуман доирасида вакилларимиз миллий курашимиз ва ўзбек жанг санъатини дунё аҳлига намойиш этишмоқда. Шунингдек, меҳмонлар учун ҳар куни 1 тонна 250 кг гуручдан ўзбек палови дамланиб, тарқатиляпти.
Хусусан, қашқадарёлик Асрор Ҳамидов мусобақа гиламида ўзбек спортининг жозибаси ва кучини амалда кўрсатиб, хорижликларни ҳайратлантирган спортчиларимиздан биридир.
Асрор полвон 2002 йил 29 апрелда Чироқчи туманида оддий, меҳнаткаш оилада дунёга келган. Болалиги қишлоқда ўтган, давраларда ҳайқириқ ва чапак остида курашаётган забардаст полвонлар ҳаракатини зимдан кузатган йигитчанинг мурғак қалбида буюк ният куртак ёзади: Мен ҳам бир куни чемпион бўламан! Айнан шу соф ҳавас, курашга бўлган меҳр ва ўнлаб йиллик мунтазам, машаққатли меҳнат уни муваффақият сари етаклади...
Полвонимизнинг халқаро ва ички миқёсдаги ғалабалари салмоқли. У икки марта Осиё чемпионатининг шиддатли баҳсларда тенгсиз деб топилди ва Ўзбекистон байроғини юқори кўтарди. 10 дан зиёд мамлакат ьиринчиликларида ўта кучли рақобатга қарамай, ўз вазнида шоҳсупанинг энг юқори поғонасини банд этган. 2024 йил Жиззахда ўтказилган Ўзбекистон Президенти соврини учун кечган баҳсларда мутлақ ғолибликка эришган. Шу йил апрель ойида Эроннинг Исфаҳон шаҳрида ташкил этилган Президент соврини халқаро турнирида дунёнинг энг сара полвонлари билан беллашиб, финалда кураш олами афсонаси Муҳсин Ҳисомиддинов билан матонатли кураш олиб борди ва фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.
Туркия тупроғига илк бор қадам босган Асрор полвон Истанбулдаги таассуроти ва ўзи гувоҳ бўлган воқеалар ҳақида тўлқинланиб гапирди:
– Бизни аэропортда чиройли кутиб олишди, турк халқи жуда меҳмондўст экан. Беш юлдузли “Wow Hotel” меҳмонхонасига жойлашдик, шароит аъло даражада. Меҳмонхонада ҳамма қулайлик бор. Мени қувонтирган, қалбимни ғурурга тўлдирган лаҳзаларни айтмасам бўлмайди. Кўрдингиз, бизга алоҳида майдон ажратилган. Даврага чиққанимизда бошқа давлатлардан келган меҳмонлар, спортчилар бизга ҳавас билан қараб “Биз ҳам курашиб кўрсак бўладими?” дея сўрашяпти. Мен ва шеригим 10 дан зиёд хорижлик билан дўстона кураш тушдик. Уларда миллий спорт туримизга анча қизиқиш ортди. Хуллас, ўзбек курашини оммага танитишга ҳисса қўшаётганим билан фахрланаман. Бу ерда ҳамма бирдай самимий, кўплаб янги дўстлар орттирдик.
Умумий руҳият ҳақида гапирар экан, Асрор полвон ушбу тадбирнинг инсоният учун аҳамиятини алоҳида таъкидлади:
– Этноспорт фестивали бутун жаҳонни бирлаштирадиган, қардошлигимиз, бирлигимизни яна бир таъкидлайдиган улкан байрам. Ён-атрофимизда кайфияти аъло, ижобий ҳис-туйғуларга ошно инсонлар бисёр. Халқ, томошабинлар жуда яхши маданий ҳордиқ оляпти. Шахсан менга жуда ёқди. Бундай байрамларда мунтазам қатнашишни ният қилдим. Биласизми, мен учун дунёдаги энг гўзал либос – эгнимдаги яктагим. Зеро, кураш кийимида Ватанимиз, байроғимиз тимсоли акс этган. Яктак кийиб даврага чиққанимда қалбимда ор, номус ва ғурур жўш уради. Биз, курашчилар гиламда фақат ҳалолликни тарғиб қиламиз. Кураш – мардлик ва жасорат рамзи. Полвон шунчаки баҳайбат жусса соҳиби эмас, балки қалби тоза, феъли танти инсон бўлиши лозим.
Ҳа, Асрор Ҳамидов каби ор-номусни туғ қилган, билагида кучи, қалбида иймони собит йигитларимиз миллий спортимизни жаҳон узра оммалаштиришда ҳақиқий маданият элчиси вазифасини ўтамоқда. Унинг нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилиш нияти ўзига йўлдош бўлсин. Зеро, елкаси ер кўрмаган полвонлари бор юртнинг қадди ҳамиша тик!
Нодира Кайимова, ЎзА