Этни тирноқдан ажратиб бўлмайди
Қорақалоғистонда юзага келган вазият бутун республикамиз аҳолисини қайғуга солди.
Мен ўзим ҳам она, ҳам буви сифатида қорақалпоқлик опа-сингилларимизнинг аҳволини ич-ичимдан ҳис қилиб турибман. Мен Қорақалпоғистон Республикасига ҳар гал борганимда қорақалпоқ элининг меҳмондўстлиги, очиқ юз билан кутиб олиши ва у ерда олиб борилаётган ислоҳотларга илиқ муносабатда эканлигини кўриб жуда қувонаман.
Қорақолпоқ эли доно, олийжаноб. Мен аминманки, барча тушунмовчиликлар ва муаммоли масалалар ўз ечимини топади. Асрлар оша давом этаётган дўстлик, оға-иничилик, опа-сингиллик ришталари абадий бўлиб қолади. Биз оналар, аёллар тинчлик тарафдоримиз!
Четда туриб турли ёвуз ниятини амалга ошириш эвазига Ўзбекистон яхлитлигини кўра олмаётганлар, қорақалпоқ элида нотинчликлар, турли кўнгилсизликларни юзага келтирмоқчи бўлган сепаратистлар ўз мақсадларига эриша олмайди.
Доно халқимизнинг бир нақли бор: "Этни тирноқдан ажратиб бўлмайди".
Малика Қодирхонова,
Олий Мажлис Сенатининг
Хотин-қизлар ва гендер тенглик
масалалари қўмитаси раиси
ЎзА