ЕТКА: Туризм соҳасида “ақлли” ечимлар жорий этилмоқда
Тошкентда "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи туризм форуми доирасида Евроосиё тоғ курортлари иттифоқи томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Соҳа масъуллари, мутахассислар ва журналистлар иштирок этган ушбу тадбирда мамлакатлар ўртасида туризм салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ва бу борада эришилган натижалар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Қайд этиш керакки, Евроосиё тоғ курортлари альянси Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Россиянинг етакчи курортларини бирлаштирган ташкилот ҳисобланади. У ҳозирги кунда Ўзбекистондан “Амирсой” МЧЖ ҚК, Озарбайжондан “Шохдоғ” Россиядан “Роза Хутор”, Қозоғистондан “Чимбулоқ” ва “Оқ-Қарағай” тоғ курортларини бирлаштирган. Шунингдек, Жанубий Кореядан “Mona Yong Pyong” курорти ҳам иттифоққа қўшилиш бўйича меморандум имзолаган.

Евроосиё тоғ курортлари иттифоқи бош котиби Андрей Кукушкин қайд этганидек, ушбу ташкилот иштирокчи курортлар ўртасида ҳамкорлик ва илғор тажриба алмашиш учун платформани яратади. Альянснинг асосий мақсади тоғ туризмининг барқарор ривожланиши ғояларини илгари суриш, табиат ва маданий меросни эҳтиёткорлик билан сақлаш ҳамда туристик хизматларнинг сифатини, хавфсизлиги ва рақобатбардошлигини оширишдан иборат.

– Таъкидлаш керакки, "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи туризм форумида иштирок этиш биз учун ҳамкорликни кенгайтириш ва тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этади. Матбуот анжуманида ташкилотимиз Андорра давлатидаги “Grandvalira Resorts” Европа тоғ курортлари тармоғи билан ҳамкорлик бошлаганини эълон қилдик. Режалар ҳақида гапирадиган бўлсам, уларнинг барчаси белгиланган жадвалга мувофиқ амалга ошириляпти. Энг муҳими, шерикларимиз ва техник мутахассислар ғояларимизнинг реал ҳаётга мослигини юқори баҳоламоқда. Соҳада рақамлаштириш жараёнлари жадал олиб борилмоқда. Бу орқали ски-пасс (электрон рухсатнома) эгалари учун имкониятлар ҳажмини сезиларли даражада кенгайтиряпмиз. Шу билан бирга, давлатларимиз ўртасида ягона халқаро туристик маршрутни шакллантириш йўлида ҳам муҳим қадам қўйилмоқда, – деди А.Кукушкин.

Матбуот анжуманида иттифоқ аъзолари ўтган вақт давомида эришган ютуқлари ва галдаги режалари хусусида тақдимотлар ўтказди.

“Роза Хутор” тоғ курортининг халқаро алоқалар ва туризм бўйича бош директори ўринбосари Сергей Хворостяный сўзларига кўра, мазкур сайёҳлик маскани 2014 йилги Сочи олимпия ўйинлари меросининг муваффақиятли давоми бўлиб, бугунги кунда Россиядаги энг ривожланган ва барқарор фаолият юритувчи туристик марказлардан бирига айланган. Курортда 105-110 километрлик чанғи трассалари, 52 та траса, 22 та меҳмонхона ва 32 та канат йўли мавжуд. Бу инфратузилма “Роза Хутор”ни йил давомида фаол ишлайдиган ва ҳар ёшдаги меҳмонлар учун қулай масканга айлантирган.

Матбуот анжумани якунида мутахассислар журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА