Мамлакатимизда ақлан баркамол, руҳан тетик, соғлом ва иқтидорли ёш авлодни тарбиялашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам “Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда энг катта куч ва таянч сифатида ёшларимизга ишонамиз”, дея алоҳида таъкидланди.
Якунига етган 2025 йил кўп миллатли юртимиз, хусусан наманганлик ёшлар фаолиятида унутилмас ва салмоқли натижаларга бой бўлди. Ҳукуматимиз топшириқлари ассоида вилоятдаги мавжуд 754 та маҳалла фуқаролар йиғининг ҳар бир бирида “Ёшлар баланси” шакллантирилиб, шу орқали 725 минг нафар ёш уч тоифага ажратилган ҳолда, индивидуал ишлаш тизими жорий этилди.

– Эртамиз эгаларининг иқтисодий имкониятларини яхшилаш мақсадида ҳар бир маҳаллада “Фуқаробай” тасдиқланган “Ёшлар бандлиги” дастури амалга оширилиб, ўтган йилда мазкур дастурга киритилган 33 минг 715 нафар ўғил-қизнинг бандлиги таъминланди. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 14 мингдан ортиқ йигит-қизларга вилоятдаги тижорат банклари томонидан 505 миллиард 916 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Мирзатов.

Поп туманининг Боғ маҳалласида истиқомат қилувчи Самандар Абдулазизов 35 миллион сўмлик кредити ҳисобидан техника воститалари савдосини амалга ошириши натижасида ойлик 9 миллион сўм даромадга эга бўлди. Чуст туманининг Дўзанда маҳалласида яшовчи Шоҳруҳ Ғиёсов 100 миллион кредит маблағини автомобилларни ювиш шохобчасини ташкил этишга йўналтирди. Ўзи ва бошқаларни ҳам бандлигини таъминлаш билан бир қаторда ҳар ойда ўртача 15-17 миллион сўм атрофида даромад топмоқда.
“Ёшлар дафтари” ижтимоий ҳимояга муҳтожларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳаётга тўғри мослашувида муҳим аҳамият касб этмоқда. Биргина 2025 йилнинг ўзида ушбу дафтарга киритилган 3 минг 889 нафар ёшга 9 миллиард 701 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, “Ielts”, “Toefl”, “Gmat” каби халқаро имтиҳон тизимларида юқори натижага эришган 1 минг 251 нафар истеъдод эгасига 2 миллиард 767 миллион сўм имтиҳон харажатлари қоплаб берилди. “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида 149 минг нафардан зиёд ёшлар хорижий тилларга бепул ўқитилди.

Деҳқончилик қилиш истагини билдирган 18 мингдан ортиқ ёшларга ажратиб берилган 4,5 минг гектар ердан йил давомида 266 тонна ҳосил олиниб, 66 миллион фойда кўришга эришилди. Масалан, Мингбулоқ туманининг Фаровон маҳалласида яшовчи Тоҳиржон Турсунбоев 15 сотих ер майдонида макка ва шоли экиб, бир йилда икки маротаба ҳосил олиши натижасида 15 миллион даромад олди. Тўрақўрғон туманининг Кумидон маҳалласида истиқомат қилувчи Илёсбек Исоқжонов 20 сотих майдонида саримсоқпиёз ва маккадан бир йилда икки бор ҳосил кўтарди ва 18 миллион сўм даромадга эга бўлди.
Ёшларни оталиққа олиш ва улар билан манзилли ишлаш бўйича тўрт мингга яқин ёш вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа идораларининг 403 нафар масъулига бириктирилиб, улар томонидан билдирилган 1 минг 743 та муаммо ижобий хал этилди. Қолаверса, беш маротаба 10 кунлик “Жасорат мактаби” ташкилланиб, ушбу йиғинларга 450 нафар ёш қамраб олинди.

Маҳаллаларда ёшлар ўртасида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” иккита мавсумининг барча босқичларида 841 минг нафардан зиёд ўғил-қиз иштирок этди. Ушбу танлов ва мусобақаларнинг республика босқичида вилоятимиз ёшлари жами етти олтин, етти кумуш, беш бронза, жами 19 та медални қўлга киритди.
Президентимиз соврини учун ўтказилган “Энг яхши хорижий тил мактаби” танловининг республика босқичида Янгиқўрғон туманидаги 10-сонли умумтаълим мактаб жамоаси ғолиб чиқиб, жами 850 миллион сўм пул мукофоти ва Буюк Британияга бир ҳафталик бепул саёҳатни қўлга киритди.
Эътиборлиси шундаки, ўтган йилнинг ўзида маданият, санъат йўналишларида 471 нафар ўқувчи халқаро ва республика танловларида фахрли ўринларга сазовор бўлди. Спортчилар ҳам салмоқли натижаларга эришди. Ўзбекистон чемпионатлари ва кубокларидаги натижадорлик эътиборга молик. 691 та олтин, 761 та кумуш, 1089 та бронза медали расмийлаштирилди. Наманганлик атлетлар Жаҳон чемпионати ва жаҳон кубогида 17 та олтин, 16 та кумуш, 35 та бронза, Осиё чемпионати ва қитъа кубоги мусобақаларида эса 16 та олтин, 17 та кумуш, 42 та бронза медали билан тақдирланди.

Эътироф этиш жоиз, учқўрғонлик боксчи Фазлиддин Эркинбоев Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида барча рақибларини енгиб, чемпионлик унвонини қўлга киритди. Бу билан у 2028 йили АҚШнинг Лос Анжелес шаҳрида бўладиган ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун асосий давъогарлардан бири эканлигини яна бир карра кўрсатди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.