Эътирофга муносиб шифокор
Инсон ҳаётини асраш, унинг саломатлигини тиклаш ва оғир дамларда умид бағишлаш. Тиббиёт ходими зиммасидаги масъулиятни биргина шу вазифалар билан ифодалаш мумкин.
Инсон ҳаётини асраш, унинг саломатлигини тиклаш ва оғир дамларда умид бағишлаш. Тиббиёт ходими зиммасидаги масъулиятни биргина шу вазифалар билан ифодалаш мумкин. Аммо бу касбнинг замирида билим ва маҳоратдан ташқари, сабр, матонат, меҳр-оқибат ва инсон тақдирига дахлдорлик ҳисси ҳам мужассам. Айниқса, юрак хасталиклари билан курашаётган беморлар ҳаёти учун ҳар бир дақиқа ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган кардиология соҳасида бу фазилатлар янада муҳим.
Бугун ана шундай масъулиятли касбни танлаб, йигирма икки йилдан буён инсонлар саломатлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган бухоролик шифокор Наргиза Аҳмедова фаолияти эътироф этилди. Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Президентимизнинг фармонига мувофиқ, у “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Бу мукофот бир инсоннинг меҳнат фаолиятига берилган баҳо бўлиш билан бирга, оқ халатга садоқат, касбий масъулият ва одамлар дардига ҳамдардликнинг қадр топганини ҳам англатади.
Наргиза Аҳмедова Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали кардиологи сифатида фаолият юритади. Унинг иш куни беморларнинг мурожаатлари, ташхис қўйиш, даволаш жараёнлари ва баъзан инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун кечадиган шошилинч қарорлар билан боғлиқ. Кардиология шундай соҳаларданки, унда билим ва тажриба билан бирга вақтни тўғри баҳолаш, вазиятни тез англаш ва аниқ қарор қабул қилиш муҳим. Айниқса, миокард инфаркти каби оғир ҳолатларда шифокорнинг ҳар бир ҳаракати беморнинг кейинги ҳаётига таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу маънода, Наргиза Аҳмедова танлаган касб оддий меҳнат эмас, балки инсон тақдири учун доимий масъулиятни зиммага олишдир. Йиллар давомида орттирилган тажриба, турли мураккаб ҳолатларда беморларга ёрдам кўрсатиш жараёни унинг касбий маҳоратини шакллантирди. Бироқ у учун энг катта натижа — беморнинг соғайиб, яқинлари бағрига қайтиши.

—Мени бундай юксак мукофотга лойиқ кўришади, деб ўйламаган эдим. Бу мен учун кутилмаган совға бўлди, десам ҳам бўлади. Жуда хурсанд бўлдим. Албатта, бундай эътироф қувонч билан бирга янада кўпроқ ишлаш, ўз устимизда мунтазам изланиш ва халқимизнинг розилигини олиш учун интилиш масъулиятини ҳам юклайди. Шу жиҳатдан фахрланаман, — дейди “Шуҳрат” медали соҳиби Наргиза Аҳмедова.
Унинг сўзларида мукофотдан қувониш билан бирга, бу эътирофни янги масъулият сифатида қабул қилиш туйғуси ҳам сезилади. Зеро, шифокор меҳнатининг ҳақиқий самараси фақат касбий кўрсаткичлар билан эмас, балки инсонлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, беморлар ва уларнинг яқинлари қалбида қолдирган ишончи билан ҳам ўлчанади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш ва замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг жорий этиш давлат сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бирига айланди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан тиббиёт соҳасида бошланган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, ҳар бир фуқаро учун сифатли ва малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириши билан аҳамиятлидир. Замонавий тиббий ускуналар, ихтисослаштирилган марказлар, янги даволаш усуллари ва малакали кадрлар тайёрлашга қаратилаётган эътиборнинг моҳияти ҳам шунда. Наргиза Аҳмедова бу ўзгаришларни бевосита иш жараёнида ҳис этаётган мутахассислардан ҳисобланади.
—Аввалги йиллар билан, айниқса, сўнгги икки йилдаги ўзгаришларни таққослайдиган бўлсак, фарқ жуда катта. Беморларни қабул қилиш жараёнида қўлланилаётган текширув усуллари, тиббий шароитлар ва бинолар ҳолати анча яхшиланди. Илгари бир палатада тўрт-беш нафар бемор даволанган бўлса, бугун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Бу ўзгаришларни кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самараси, деб биламан, — деди у.

Дарҳақиқат, тиббиётдаги ислоҳотларнинг натижаси, энг аввало, беморнинг ҳаёти ва саломатлигида намоён бўлади. Даволаниш учун яратилган қулай шароит, замонавий ташхис усуллари, малакали мутахассис ва ўз вақтида кўрсатилган ёрдам — буларнинг ҳар бири инсон қадрини таъминлашнинг муҳим таркибий қисмидир.
Кардиология соҳасидаги ўзгаришлар ҳам бу борада алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, юрак-қон томир касалликларида тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш, беморни тўғри ташхислаш ва самарали даволаш ҳаёт-мамот масаласига айланиши мумкин.
—Бугун Бухоро вилоятининг қайси ҳудудида бўлишидан қатъи назар, инфаркт билан мурожаат қилган беморларга ангиография орқали стентлаш ёки тромболизис амалиётлари ёрдамида замонавий тиббий хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Бу эса беморга ўз вақтида ёрдам бериш ва унинг ҳаётини сақлаб қолишда жуда муҳим, — дейди шифокор.
Бу фикрлар тиббий хизматда ҳудудий имкониятларни кенгайтириш қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Чунки беморнинг қаерда яшашидан қатъи назар, унинг ҳаёти ва саломатлиги бирдек қадрланиши лозим. Замонавий тиббий ёрдамнинг ҳудудларда ҳам йўлга қўйилиши ана шу мақсадга хизмат қилади.
Соҳадаги ислоҳотлар фақат моддий-техник базани мустаҳкамлаш билан чекланмайди. Тиббиётнинг эртанги куни бугун таълим олаётган, касб сирларини ўрганаётган ва ўз олдига юксак мақсадлар қўяётган ёш мутахассисларга ҳам боғлиқ.
Шу боис давлат раҳбари ташаббуси билан тиббий таълимни такомиллаштириш, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, тор мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш ва ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Наргиза Аҳмедова бу жараённи соҳанинг келажаги учун муҳим қадам сифатида баҳолайди.
—Президентимизнинг фармонлари биз, тиббиёт ходимларидан янада кўпроқ ишлашни, ўз устимизда мунтазам изланишни талаб қилади. Тиббиёт олийгоҳларида талабаларнинг амалий машғулотларга кўпроқ жалб этилишига эътибор қаратилмоқда. Тор мутахассисликларни эгаллаш истагида бўлган ёшлар учун бепул резидентура ташкил этилиши ҳам жуда яхши имконият. Аввал клиник ординатура икки йиллик бўлиб, ўринларнинг маълум қисми грант асосида, аксарияти эса тўлов-контракт асосида эди. Ҳозир резидентурада бепул таълим олиш имконияти яратилмоқда. Шунингдек, резидентурага қабул қилинган талабаларга уч миллион сўмгача стипендия бериш белгилангани ёш кадрлар учун ҳам маънавий, ҳам моддий кўмак деб ўйлайман, — деди Наргиза опа.
Дарҳақиқат, тиббиётда бир кунлик тажриба билан чекланиб қолиш мумкин эмас. Илм-фан ва технологиялар жадал ривожланаётган бир пайтда шифокордан доимий изланиш, янгиликларни ўзлаштириш ва билимларини амалиётда қўллай олиш талаб этилади. Шу маънода, ёшларнинг ихтисослашган тиббий таълим олиши учун яратилаётган имкониятлар келажакда соҳада малакали мутахассислар сафи кенгайишига хизмат қилади.
Наргиза Аҳмедова каби кўп йиллик тажрибага эга шифокорларнинг касбий фаолияти эса ёшлар учун ўзига хос мактабдир. Чунки тиббиётда билим китобдан ўрганилса, касбга садоқат, беморга меҳр ва масъулият туйғуси кўпинча ҳаётий тажриба, устозлар ибрати орқали шаклланади.

Наргиза опа учун босиб ўтилган йигирма икки йиллик меҳнат йўлининг муносиб эътирофи бўлди. Бироқ унинг ўзи бу мукофотни фаолиятининг якуни эмас, балки янада масъулиятли меҳнатга ундайдиган рағбат сифатида қабул қилмоқда.
Аслида, тиббиёт ходимининг энг катта мукофоти — беморнинг соғайиши, ҳаётга қайтиши, унинг оиласидаги қувонч ва миннатдорликдир. Давлат эътирофи эса ана шу машаққатли меҳнатнинг жамият томонидан қадрланаётганини англатади.
Бугун мамлакатимизда шифокорнинг меҳнати, касбий маҳорати ва фидойилигини эътироф этишга қаратилаётган эътиборнинг аҳамияти ҳам шунда. Чунки инсон саломатлиги учун курашаётган ҳар бир мутахассисни қўллаб-қувватлаш, унинг меҳнатини қадрлаш соғлом жамият ва барқарор келажак учун хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири