Ўқитувчилик шарафли ва масъулиятли касб. Ўқитувчи ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бахшида этиб, касбининг фидойиси бўлсагина у эл-юрт орасида эъзоз, ҳурмат-эътибор топа олади.
Юртимизда касбининг фидоийси бўлиб, ибратли фаолият олиб бораётган, эъзоз топаётган ўқитувчилар жуда кўп. Улардан бири Андижон машинасозлик институти Ахборот технологиялари кафедраси мудири, педагогика фанлари фалсафа доктори (PhD) Саидахон Атажоновадир.
Саидахон Атажонова Шаҳрихон туманидаги 22- ихтисослаштирилган лицей интернатни муваффақиятли тамомлаб, 2000-2004 йилларда Фарғона политехника институтида таҳсил олди. Сўнг Тошкент техника университети магистратурасида ўқиди.
Магистратурани тамомлагач, Саида ўзи таҳсил олган Фарғона политехника институтининг “Электроника ва асбобсозлик” кафедраси ассистенти лавозимида меҳнат фаолиятини бошлаган. Ўз ишига масъулият билан ёндашган ёш мутахассис устозларидан касб сирларини пухта ўрганди, йиллар давомида ўзининг билим, малака ва тажрибасини бойитди. Мана, қарийб йигирма йилдирки, у устозликнинг машаққатли йўлини шараф билан босиб ўтмоқда.
2014 йилда Андижон машинасозлик институтига ишга ўтди. “Машинасозлик ишлаб чиқаришни автоматлаштириш” кафедраси катта ўқитувчиси сифатида иш бошлаган Саидахон Атажонова қисқа муддатда жамоадошлари ҳурматини қозонди. У касбининг фидойиси, меҳнатсевар, ҳамиша янгиликка интилувчи, изланувчан малакали мутахассис эканлигини кўрсата олди.
Эътироф этиш керакки, С.Атажонова фаолияти давомида билим ва малакасини ошириш учун доимий изланди, ўз устида тинимсиз ишлади, ўқиди, ўрганди. У институт илмий-услубий ишларида, ўқув жараёнини услубиёт жиҳатидан таъминлашда фаол иштирок этади. Замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини яхши ўзлаштирган, машғулотларни замонавий ўқитиш усулларидан, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан ҳамда мультимедиа таълим ресурсларидан фойдаланган ҳолда олиб боради.
2023 йилда “Техника олийгоҳларида мутахассислик фанларини ўқитишни физик ҳодисалар асосида модернизация қилиш” мавзусидаги илмий иши билан фалсафа доктори (PhD) диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Олима фаолияти давомида 100 дан ортиқ илмий мақолалар ёзди, услубий қўлланма ва дарсликлар яратди. Жумладан, унинг “Ярим ўтказгичли асбоблар”, “Ярим ўтказгичли асбоблар ва уларнинг физик хусусиятлари”, “Автоматик бошқариш назарияси” фанлари бўйича дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари нафақат Ўзбекистонда балки МДҲ давлатларидаги қатор олий ўқув юртларида хам қўлланилмоқда. Бундан ташқари, у 2 та дастурий восита учун гувоҳнома, шунингдек, “Дўст ёки душман”, “Галлар Эликсири”, “Техник иншо” каби инновацион ўқитиш методикалари муаллифидир.
Саида Атажонованинг Жаҳон банки томонидан молиялаштирилиб, 2019-2022 йилларда амалга оширилган Академик инновациялар фондининг “MECHAUZ: Ўзбекистонда “Мехатроника ва робототехника” бакалавриат таълим йўналиши ўқув дастур ва ўқув режаларини рақамли технологиялар ва инновацион ғоялар асосида модернизация қилиш” номли грант лойиҳаси координатори сифатидаги фаолияти хорижлик мутахассислар томонидан ҳам ижобий баҳосини олди.
Бугунги кунда С.Атажонова “Техника олийгоҳлари магистратура талабалари учун мутахассислик фанларини ўқитишни инновацион усуллар асосида такомиллаштириш” мавзусида илмий-тадқиқот ишини олиб бормоқда.
Олима Андижон машинасозлик институти “CO-Working” маркази аъзоси сифатида ҳам фаол иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, у ўзи раҳбарлик қилаётган кафедра қошидаги “Сунъий интеллект” тўгарагидаги қатор талабаларнинг илмий ишига, шунингдек, талабалар билан ҳамкорликда олиб борилаётган “Сунъий интеллект ёрдамида юз мимикаси орқали сўзларни таниб олиш”, “Сунъий интеллект ёрдамида касаллик белгиларига кўра ташхис қўйиш”, “Интеллектуал ўқитувчи аниматор” лойиҳаларига ҳам раҳбарлик қилиб келмоқда.
Саидахон Атажонова нафақат фидоий, ташкилотчи, ташаббускор, ўз ишининг малакали мутахассиси, балки кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оиланинг бахтли бекаси ҳамдир. Турмуш ўртоғи Муҳитдин Атажонов билан бир жамоада меҳнат қилади. Турмуш ўртоғи ҳам Андижон машинасозлик институти доценти.
Катта фарзанди Тоҳиржон Андижон давлат тиббиёт институти талабаси, ўғиллари Сардорбек, Жасурбек Президент ва ихтисослаштирилган мактабларда таҳсил олишади.
Кўп йиллардан буён самарали фаолият олиб бораётган олима нафақат ҳамкасблари, маҳалла-кўй, кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибор топган. Қолаверса, унинг самарали меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Саида Атажонова Президентимиз фармонига асосан, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
– Меҳнатларим эътироф этилганидан бошим кўкка етади, – дейди Саида Атажонова. – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимиз фармонига асосан, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлигим ана шу эътирофнинг намунасидир. Очиғи, инсон қадри улуғланадиган, ўқитувчи, илм, фан вакиллари эъзоз топаётган юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман.
Кўрсатилган эътибор, меҳнатларим эътирофи, берилган юксак мукофот менга куч, шижоат беради, янада фаол бўлишга, юрт равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишга ундайди.
Давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган Саидахон Атажонова каби фидоий касб эгаларининг, қолаверса, юртимиздаги барча устоз ва мураббийларнинг касб байрамлари муборак бўлсин.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари