Нефть ва газ саноати мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу соҳа нафақат давлат даромадларини шакллантиришда, балки йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва иш ўринларини яратишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, нефть ва газ саноатида меҳнат қилаётган ходимларнинг мамлакат энергетика хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорлигида алоҳида ҳиссаси бор. Мустақиллик йилларида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инновацион лойиҳалар нафақат корхоналар самарадорлигини оширди, балки профессионал кадрларнинг ривожланиши ва уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш имконини ҳам яратди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда нефть ва газ саноати ходимларининг касб байрами муносабати билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Марказий аппарати ва тизим корхоналарида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимларни тақдирлаш маросимида соҳадаги ютуқлар яна бир бор таъкидланди.
Унда сўз олганлар қайд этганидек, мазкур соҳа миллий иқтисодиётнинг муҳим драйвери сифатида аҳамиятга эга. Бу тармоқ нафақат энергия захираларини таъминлайди, балки иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва инвестицияларни жалб қилишда ҳам катта рол ўйнайди. Шу талаблар асосида мамлакатимиздаги ислоҳотлар ушбу соҳа равнақида янги босқични бошлаб берди. Қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва рақамлаштириш бу жараёндаги натижалар кўламини оширишга йўл очди.
Тизимдаги бу каби ютуқлар туфайли ходимлар қўллаб-қувватланмоқда ва улар эъзозланмоқда. Ташкил этилган мазкур тадбирда бундай эътироф яна бир ўз исботини топди.
Масъуллар бу борадаги ишлар сарҳисобига эътибор қаратар экан, тизимдаги режалар ижросида ишчи-ходимларнинг масъулияти ва жонкуярлиги муҳим эканини айтиб ўтди.
Тадбир якунида бир гуруҳ ходимлар фахрий ёрлиқ ва пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, 5 нафар ходимга Энергетика вазирлигининг фахрий ёрлиғи тақдим этилди.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА