“Эътибордагилар” лойиҳаси амалда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Маълумки, Ёшлар ишлари агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси ташаббуси билан бошқарма қошида республика миқёсида янги инновацион ижтимоий лойиҳа – “Эътибордагилар” ўз фаолиятини бошлаган эди.
Сирдарё вилояти тажрибаси асосидаги ушбу лойиҳа учта муҳим дастурга йўналтирилган бўлиб, биринчиси “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” шиори остида вилоятнинг барча шаҳар-туман ҳудудларидаги ёлғиз нуроний отахон ва онахонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, қолаверса, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда кексаларнинг ролини оширишга қаратилган.
Иккинчи дастур ногиронлиги бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш, ногиронлиги бор ёшларни бошқа тенгдошлари каби инклюзив таълимга, меҳнат ва бандликка, соғломлаштиришга, етарли турмуш даражаси ва ижтимоий кўмакка бўлган ҳуқуқларини илгари суришга алоҳида эътибор бериш мақсадига қаратилган.
[gallery-13222]
“Ажрим – ечим эмас” шиори остидаги учинчи дастур ёш оилалар ажримининг олдини олиш, оилаларни мустаҳкамлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ажрашиш арафасида турган ва ажрими қайд этилган ёш оилалар муаммоларини ҳал этиш, ажримга қадар ёш оилаларни сақлаб қолиш имконияти анча юқори бўлган чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган.
Лойиҳанинг ушбу сонида ишчи гуруҳ аъзолари Сирдарё тумани Янгиобод маҳалласида тоғаси қарамоғида истиқомат қилиб келаётган ака-сингил Шаҳзод ва Сарвиноз Кенжаевалар хонадонида бўлди. Шаҳзод ва Сарвинознинг ота-онаси бевақт вафот этган бўлиб, тоғаси уларнинг таълим ва тарбиясига масъулият билан ёндашиб, жамиятда ўз ўринига эга бўлиши учун ҳаракат қилмоқда. Бу каби хайрли ва масъулиятли ишга Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ва ишчи гуруҳ аъзолари ҳам ўз вазифаси сифатида қаради. Уларнинг билим олиши, келажакда мамлакатимиз учун салоҳиятли кадр бўлиб вояга етиши учун лойиҳа доирасида амалий кўмак кўрсатилди. Шаҳзод ва Сарвинозга Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи М. Сирожиддинов томонидан “Ибрат фарзандлари” лойиҳасига доир совға-саломлар топширилиб, ушбу лойиҳа бўйича хорижий тилларни ўрганиши учун шароит яратилди.
“Эътибордагилар” лойиҳасининг яна бир қаҳрамони Янгиобод маҳалласида истиқомат қилаётган 29 ёшли Нигина Ҳидоятова ногиронлик бўйича “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, ҳозирда алоҳида кўмакка муҳтож ёшлар сирасига киради. Лойиҳанинг ишчи гуруҳ аъзолари ушбу хонадонга ташриф буюриб, Нигинанинг ҳолидан хабар олди.
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ (сурат), ЎзА