Эътибор ва рағбат — эзгу фазилат
Муҳтожга кўмак қўлини узатиш, бир-бировини аяш, ўзаро хайрихоҳлик халқимизга хос фазилат.
Муҳтожга кўмак қўлини узатиш, бир-бировини аяш, ўзаро хайрихоҳлик халқимизга хос фазилат. Муборак айём кунлари миллатимизга хос бўлган бу фазилат ўзининг бор бўйнини янада тўлиқроқ намоён этмоқда.
Қурбон ҳайит байрами арафасида юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан "Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони бунинг яна бир амалий исботи бўлди.
Аслида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни кучли ижтимоий ҳимоялаш масалалари мамлакатимизда доимий эътиборда бўлиб келган. Юрт бошига иш тушган оғир дамларда ҳам давлатимиз томонидан камхарж, қўли қисқа хонадонлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Маҳалламизда истиқомат этаётган аҳолининг ижтимоий-моддий аҳволи турлича. Шундай мураккаб бир даврда кўмакка муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларга муттасил ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Кимгадир ишга жойлашишда, бошқа хонадонга озиқ-овқат, дори-дармон тарзида эътибор қаратиляпти. Муҳтож нуронийларга ҳовли-жойини таъмирлаб беришга имкон қадар ҳаракат қиляпмиз. Баъзан эса қайсидир оилалар тўғри йўл-йўриққа, чин юракдан билдирилган самимий насиҳатига муҳтож бўлиши ҳам сир эмас. Имкон қадар бундай оилаларни ҳам ўз муаммоси гирдобидан чиқариб олишга ёрдам кўрсатмоқдамиз. Бу эса оилалар бузилиши, эр-хотин, қудалар, қайнона-келин муносабатларини тўғри ўзанга солиб юборишда жуда қўл келмоқда.
Улуғ айём арафасида одамлар ўртасидаги гиналарнинг унутилиши, ўзига тўқ хонадонлар муҳтожларга ёрдам кўрсатишидек анъана бизнинг маҳаллада ҳам анъанага кирган.
Президентимизнинг юқорида номи келтирилган фармони меҳр, саховат, эзгулик каби энг олижаноб қадриятлар тобора кенг қулоч ёзиб бораётганидан дарак беради. Бундай эътибордан оддий, камхарж хонадонлар қанчалик қувонаётганини тасаввур этиш қийин эмас. Буларнинг бари энг мураккаб даврда ҳам қийналган оилалар давлат, жамият эътиборида эканининг яна бир амалий исботидир.
Манзурахон Валиева,
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги "Янгиобод" МФЙ раиси.