Эътибор инсонга куч-ғайрат бағишлайди
Қашқадарё вилоятида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ташкил этилган пресс-тур давом этмоқда.
Қашқадарё вилоятида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ташкил этилган пресс-тур давом этмоқда.
Бу сафар журналистлар туман ва шаҳарлардаги вазиятни ўрганиш мақсадида ҳудудларга ташриф буюрди. ЎзА ижодий гуруҳи Нишон туманида бўлди.
Туркманистон билан чегарадош туман
Нишон тумани вилоятнинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, Туркманистон Республикаси (75 километр) ҳамда вилоятнинг Ғузор, Қарши ва Миришкор туманлари билан чегарадош. 152 мингдан зиёд аҳолиси бор. Бу бошқа туманларга нисбатан кам.
Туман ҳудудидаги Марказий Осиёда ягона ҳисобланган “Талимаржон ИЭС” Қашқадарё вилояти, балки мамлакатимиз энергетика тармоғида ҳам муҳим ўрин тутади. Республикада ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 10 фоизи шу корхона зиммасига тўғри келади.
Камбағалликни қисқартириш бўйича тумандаги вазият
Туман мутасаддиларининг қайд этишича, ҳудудда 2 минг 589 та эҳтиёжманд оила мавжуд. Шундан кам таъминланган оила сони 884 та, ногиронлиги бўлган шахслар 483 та, боқувчисини йўқотганлар 441 та, ёлғиз кексалар 32 та, карантин сабабли вақтинча иш жойини йўқотганлар 749 тани ташкил этмоқда. Ушбу оилаларнинг 1 минг 812 таси моддий ёрдамга муҳтож ва 777 та оила иш билан банд қилиниши лозим.
Хўш, бу оилаларни иш билан таъминлаш учун туман салоҳияти етарлими? Туманда шунча иш ўрни мавжудми? Муаммони бартараф этиш учун нима қилиш керак? Янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга аҳоли қатламини кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Бу борада туманда самарали ишлар олиб борилмоқда.
Бугунгача моддий қўллаб-қувватлаш режалаштирилган 1 минг 923 та хонадонга 396 миллион сўмлик ҳар хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан ёрдам кўрсатилди. Туман бўйича 1 минг 923 хонадон “Темир дафтар”га киритилган.
Бугунги кунга қадар жами 181 нафар ишсиз фуқаро йўл қурилиши, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиниб, бандлиги таъминланди.
Нишон туманида “темир дафтар”да қайд этилган 1 минг 190 та эҳтиёжманд оиланинг ҳар бирига 1 миллион сўмдан, жами 1 миллиард 190 миллион сўм нақд пул тарқатилди. Бундан ташқари, 4 бош қорамол ҳамда 6 минг бош товуқ берилди.
Нишон туманидаги тижорат банклари томонидан жами 184 нафар фуқарога 3 миллиард 961 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган.
Жумладан, иссиқхона йўналишида 126 нафар фуқарога 2 миллиард 807 миллион сўм ажратилиб, 400 сотихлик иссиқхоналар қуриб берилган. Паррандачилик йўналишида 20 нафар фуқарога 218 миллион сўмлик ёки 625 бош парранда тарқатилган. Чорвачилик (қўйчилик) йўналишида 15 нафар фуқарога 362 та қўй берилган.
Асаларичилик йўналишида 10 нафар фуқарога 580 та асалари оиласи олиб келиниб, тарқатилган. Тикувчилик бўйича 10 нафар фуқарога 194 млн сўмлик тикув машиналари етказиб берилган. Бошқа йўналишларда 3 нафар фуқарога 90 миллион сўмлик маиший хизмат кўрсатиш техникалари тақдим этилган.

Пандемиянинг туман иқтисодиётига таъсири
Ҳозирги кунда 201 та корхонанинг 196 таси ёки 97,5 фоизи фаолиятини давом эттириши самарасида 790 та иш ўрини тикланди. Фаолияти тўхтатилган корхоналар ҳисобидан тушмаган солиқ тўловларини бошқа манбалар ҳисобидан ундириб олиш бўйича иш олиб борилди.
Нишон туманининг экспорт салоҳияти
Жорий йилда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга 1 минг 500 гектар ер майдони ажратилди. Ушбу майдонларга экспортбоп маҳсулотлар, жумладан, 400 гектарга пиёз, 100 гектарга қовун экилди. Май ойи якуни билан бажарилмаган 808 минг долларлик экспорт режаси қуйидаги маҳсулотлар ҳисобидан бажарилиши назарда тутилган.
Тумандаги фермер хўжаликлари далаларида, аҳоли томорқаларидаги 220 гектар майдонда, “Нишон кўзгу” фермер хўжалигида 150 гектар майдонда етиштирилаётган 3 минг тонна пиёз маҳсулотлари Россиянинг “САМ-ФУД” компанияси билан тузилган 600 минг долларлик шартномага асосан экспортга чиқарилади.
“Нишон кўзгу” фермер хўжалиги, “Нишон тоза сув экспорт” МЧЖ, “Нишон томорқа” МЧЖ жами 100 гектар ер майдонига 2 минг 324 тонна экспортбоп қовун маҳсулотлари етиштирилаётган бўлиб, умумий қийматда 1 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт қилиши режалаштирилган. “Нишон томорқа хизмати” МЧЖ томонидан 150 гектар ер майдонига 450 тонна ерёнғоқ маҳсулотини қайта ишлаб, 900 минг долларлик маҳсулотни экспортга чиқариши кутилмоқда.
Йил охирига қадар 5 миллион долларлик маҳсулот экспорт килиниб, умумий кўрсаткич 1,5 бараварга оширилиши таъминланади. Тадбиркорлик субъектларини йўлга қўйиш борасидаги ишларни шаҳар ва туман марказларида эмас, секторбай ва маҳаллабай иш ташкил этиш ғояси ўз самарасини бермоқда.

“Ҳар бир маҳалла – бир маҳсулот”
Ҳозиргача 7 та маҳаллада “Ҳар бир маҳалла – бир маҳсулот” дастури бўйича иш олиб борилмоқда.
Талимаржон шаҳридаги 3 та маҳалла ҳамда Оқ олтин, Орзу бўстони, Пахтазор ва Жануб маъшали маҳаллалари иссиқхона йўналишига, Пахтобод маҳалласи асаларичилик йўналишига, Самарқанд ва Кўксой маҳаллалари паррандачилик йўналишига ихтисослаштирилди.
Мисол учун, Жануб маъшали маҳалласида яшовчи Алишер Қурбонов иссиқхона йўналишида жуда катта тажрибага эга булиб, ўз хонадонида ҳамда ака-укаларининг хонадонларидаги 1 гектарга яқин бўш ётган ерда иссиқхона ташкил этиб, йилига 2 марта ҳосил, 1 сотихдан 1,3 миллион сўмдан зиёд соф фойда олмоқда. Шу билан бирга, маҳалладошларига ҳам зарур маслаҳатлар бериб, яқиндан ёрдам кўрсатиб келмокда.
Бундан ташкари, туманда чорвачилик, балиқчиликни ривожлантириш имкониятлари мавжуд. Ўтган даврда тумандаги бўш турган, самарасиз фойдаланилмайдиган 6 минг 605 гектар захира ер майдонлари 273 та тадбиркорлик субъектига паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, иссиқхона, қуёнчилик, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун ажратиб берилди. Ушбу соҳаларни ривожлантириш ҳисобига 1 минг 320 та иш ўрни яратилди.
Балиқчилик соҳасида янги ва самарали ёндашув
Аниқроғи, увилдириқлар мўътадил шароитда 72 соат сақланиб, ундан чавоқлар олинади. Кейин эса улар етти кун мобайнида махсус рацион билан озиқлантирилади-да, чавоқ ҳавзага, ундан ўсмир ҳавзага ва кейин яйлов ҳавзаларга ўтказилади. Шунда чавоқларнинг 80-90 фоизи яшаб кетиши таъминланади. Бундан ташқари, мазкур субъектнинг инкубация ҳавзаларидаги чавоқлар 50-100 грамм тош босгач, буюртмачиларга ҳам етказиб берилади. Бугун хўжаликка қарашли ҳавзаларда дўнгпешона, оқ амур ва зоғорабалиқ парвариш қилинаяпти.
Корхона қошида балиқ еми ишлаб чиқариш цехи ҳам барпо этилган бўлиб, унда бир кунда 15 тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий экструдер ускуналари кунгабоқар, соя ва пахтанинг шротини, балиқ ва суяк унини, маккажўхори ва буғдойни ҳамда соя ва пахта ёғини аралаштириб, яхшилаб пресслаб, қуритиб беради. Натижада емда балиқ учун зарур миқдордаги протеин ҳосил бўлади.
Маълумки, балиқчиликнинг ривожланиши озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш баробарида аҳолини балиқ таркибидаги юқори сифатли оқсиллар билан таъминлаш имконини беради.
“Соф ҳавзалар” корхонаси иш юритувчиси Шуҳрат Қиёмов қиймати 38,6 миллиард сўмдан иборат янги лойиҳа билан таништирди. Мазкур лойиҳага асосан балиқчилик кластери ташкил этилади ва қуввати 5 миллион донадан иборат личинка ишлаб чиқарувчи инкубация цехи ишга туширилиб, 1,2 млн дона балиқ чавоқлари етиштирилади. Мавжуд 134 гектар сунъий сув ҳавзаларининг 45 гектари интенсивлаштирилади.
Ушбу интенсив майдонда 600 тонна балиқ етиштириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, балиқчилик хўжалигида балиқ озуқаси ишлаб чиқарадиган корхона мавжуд бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3072 тоннага тенг. Лойиҳанинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида 50 нафар янги иш ўрни яратилади.
Ҳозирги кунда “Соф ҳавзалар” МЧЖ 234 гектар майдонда толстолоб ва сазан (карп) турдаги балиқларни етиштириб келмоқда. Мазкур лойиҳанинг афзаллиги шундаки, 89 гектар сунъий ҳавзада 600 тонна балиқ етиштирилса, унинг тенг ярмича бўлган 45 гектар интенсив ҳавзада ҳам 600 тонна балиқ етиштирилади. Натижада ер, сув, электр энергияси каби ресурслар максимал даражада тежалишига эришилади.

2 минг 189 нафар ёш иш билан банд эмас
Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича “Манзилли режа”га асосан, жорий йилда туманда сектор раҳбарлари томонидан 2 минг 189 нафар банд бўлмаган ёшнинг 83,2 фоизини, яъни 1 минг 821 нафари бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Йўналишлар бўйича қурилиш отрядларига 112 нафар, яъни 2020 йил инвестиция дастурига кирган жами 21 та объектдаги (4 та мактаб, 7 та мактабгача таълим муассасаси, 4 та соғлиқни сақлаш, 6 та бошқа) 7 та қурилиш корхонасига жалб қилинади. Булар 31 нафар ғишт терувчи, 24 нафар сувоқчи-буёқчи, 7 нафар ёғоч устаси, 19 нафар том устаси, 5 нафар ҳайдовчи ва кранчи, 26 нафари ёрдамчи ишчиларни ташкил этади.
Тадбиркорлик соҳасида 300 нафар. ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 66 нафар ёш бандлиги таъминланади. Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 132 нафар. Жумладан, Бандлик жамғармаси маблағлари ҳисобидан касбга ўқитиш марказларида автомобиль, компьютер ва техникаларга хизмат кўрсатиш, “Гўзаллик салони”, сартарошлик касблари бўйича ўқитилиб, ишга жойлаштирилади.
Масалан, мавжуд 36 та маҳалла фуқаролар йиғини ўрганилганида, 30 та сартарошхона ва 25 та “Гўзаллик салонлари”га эҳтиёж борлиги аниқланди. Ушбу ҳудудларда “Гўзаллик салонлари”ни ташкил этиш орқали 132 нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланади. Касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишларида жами 102 нафар ёш бандлигини таъминлаш учун ҳунармандларга имтиёзли кредит берилади.
Даромад ҳаракатга яраша
– Боқувчисини йўқотган ёлғиз аёлман, бир нафар фарзандим бор, – дейди Тошой Эргашева. – Доимий иш жойим йўқ. Аксига пандемия қўлимизни калта қилиб қўйди. Туман мутасаддилари бизга ўхшаган оилаларни ўйлаб, иссиқхона қуриб беришди. Ўзлари экин экиб беришди. Ҳозир бир сотихлик иссиқхонада бодринг етиштиряпман. Олинган ҳосилни териб, бозорда сотиб даромад кўряпмиз. Бундан жуда хурсандман. Олдин аниқ даромад манбаим йўқ эди. Келажакда ушбу ердан янада кўпроқ ҳосил олиш ниятидаман. Бу учун фақатгина ҳаракат ва хоҳиш керак.
Дарҳақиқат, бу ердаги иссиқхоналарда Тошой опага ўхшаган аёлларимиз бисёр. Уларнинг доимий иши бор, барқарор даромад манбаига эга.
“Пахтазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 20 гектар майдонда мош экилиб, маҳалладаги кам таъминланган “темир дафтар”га кирган 24 оилага бўлиб берилган. Маҳалла раисининг сўзларига кўра, яна 10 гектар майдонга сабзи экилиб, ушбу ерлар ҳам кам таъминланган, ишсиз оилаларга берилган. Аҳоли ушбу ерларнинг биринчи ҳосилини аллақачон йиғиб олган. Айни дамда иккинчи ҳосилни йиғиштирмоқда. Асосийси, улар иш билан банд, оиласига даромад олиб келяпти.
Мухтасар айтганда, Нишонда кам даромадли аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадида амалга оширилаётган ишлар юзлаб эҳтиёжманд аҳолининг эртанги кунга ишончини ошириб, моддий фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
