Эсселар танловининг ғолиблари аниқланди
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида «Маърифатли жамият – Учинчи Ренессанс бунёдкори» мавзусидаги эсселар танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Таълим масканларида танловнинг мактаб босқичида 68 минг 649 нафар, туман,(шаҳар) босқичида жами 13 минг 408 нафар ўқитувчи иштирок этди.
Танловнинг вилоят босқичида энг юқори балл тўплаган 27 нафар ғолиб республика босқичида қатнашди. Биринчи гуруҳда машҳур ўзбек маърифатпарвари, шоир ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний тўғрисида фильм намойиш этилган бўлса, 2-гуруҳ Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида буюк мусаввир Беҳзод ижоди бўйича эсселар ёзди.
Танловда она тили ва адабиёт, ўзбек тили фани ўқитувчилари йўналиши бўйича 1-уринга Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги 13-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилором Бердимуродова лойиқ топилди.
Бошқа фанлар бўйича биринчи ўринга Жиззах вилояти Фориш тумани 38-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Севара Шукурова сазовор бўлди.
– Бундай танловлар ўқитувчиларни она тилини ўқитиш бўйича янада кўпроқ изланишга, ўз устида ишлашга ундайди, – деди Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги 13-мактаб она тили ва адабиёт ўқитувчиси Дилором Бердимуродова. – Танлов баҳонасида ҳамкасблар билан ўзаро фикр ва тажриба алмашишга муваффақ бўлдик.
Тантанали тадбирда ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбирда талаба-ёшлар иштирокидаги бадиий-мустқий дастур намойиш этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА