Эски трамвай йўлида яшил ҳудуд барпо этилмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан пойтахтимизда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, марказий ва ички кўчаларни таъмирлаш, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирларга бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Унда журналистлар ҳудудларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда. Илк манзил Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасидаги эски трамвай йўли билан аталадиган ҳудуд бўлди.

– Бунёдкор шоҳ кўчаси бўйлаб ўртача 3 километр масофада бунёд этилган яшил ҳудудда 21 нафар ободонлаштириш ходими ишлайди, – дейди Чилонзор тумани ободонлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Барно Мавлонова. – Ноёб дарахтлар борлиги учун махсус ишчилар, дарахтларни яхши парвариш қиладиган мутахассисларни жалб қилганмиз. Олма дарахтлари экилган. Бу дарахтлардан мева олиш учун эмас, шаҳар гўзаллигига ҳисса қўшиши учун экилган. Дарахтлар тез-тез суғорилиб турилади. Бир вақтлар эски трамвай йўли бўлган ушбу ҳудудда турли ўсимликлар, 800 га яқин қимматбаҳо дарахтлар экилиб, яшил майдон ҳосил қилинган.
Д. Маматова, ЎзА