
Республикадаги кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш, аварияларнинг олдини олиш ҳамда аҳолига хавфсиз шарт-шароит яратиш ва лифтларни янгилаш борасида юртимизда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 17 февралида Вазирлар Маҳкамасининг “Республикадаги кўп квартирали уйларнинг лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилашда белгиланган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Республикадаги 4 427 та кўпквартирали уй-жойлардаги 11 428 та лифт ускуналари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Натижада эксплуатация муддатини ўтаб бўлган 2 001 та лифтларни янгилаш ва 382 тасини таъмирлаш кераклиги аниқланди. Ушбу мақсадлар учун бюджет маблағларидан 854.6 млрд сўм ажратилиши белгиланди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/zMIAYBtSMSk" title="Eski liftlar qachon yangisiga almashtiriladi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Бугунги кунда кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарини 2025-2028 йилларда янгилаш ва таъмирлаш дастури тасдиқланган бўлиб, уларда яшовчи аҳолининг хавфсизлиги тўлиқ таъминланишига эришилади. Лифт ускуналарида содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинади.
Масалан, биргина пойтахтимизда 2025 йил охиригача 452та эски лифт янгиланади. Тошкент ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, шаҳарда жами 9101 та лифт мавжуд бўлиб, улардан 2042 таси (22.4%) нинг фойдаланиш муддати тугаган.
Янгиланадиган лифтларни танлаш мезонлари — хизмат муддати 25 йилдан ошганлиги ва техник талабларга жавоб бермаслиги ҳисобланади. Хавфсизлик даражаси паст бўлган лифтлар устувор тарзда алмаштирилади. Эски лифтлар ўрнига ўрнатиладиганлари “OSTEN” брендига тегишли бўлиб, улар «Технопарк»да ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборли томони бу ерда тайёрланаётган лифтлар маҳаллийлаштирилган ва хом ашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган цикл тўлиқ қамраб олинган.
Ҳар бир маҳсулот халқаро талабларга мос бўлиши ва хавфсизлик таъминланиши учун синовдан ўтказилади. Бунинг учун завод қошида бир қанча замонавий синов лабораториялари ташкил этилган.
Гап инсон саломатлиги ва хавфсизлиги тўғрисида борар экан, айниқса лифтларни тайёрлашда бунга жиддий эътибор қаратилиши лозим. Шу мақсадда Марказий Осиёда ягона бўлган 60 метрлик тест минораси барпо қилинган.
Лифтнинг ўзи 200 та таркибий қисмлардан иборат бўлиб, ушбу маҳсулот идеал ҳолатда бўлиши учун техник назоратдан ўтади. Маҳсулот тайёр бўлиб барча синовлардан ўтгач, тест минорасида якуний синов ўтказилади. Унда 14 та қават мавжуд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 4та лифтни синовдан ўтказиш имконияти бор.
Шу билан бирга импорт қилинаётган лифтлар ҳам шу ерда тест қилинади. Улар юк кўтариш, авария холатига тушиб қолганда лифтни ушлаб қолиш, овозсиз ҳаракатланиш ва бошқа хусусиятларига кўра синовдан ўтади. Якунида халқаро ва миллий сертификат берилади.
Маълумот учун айтиш керакки, мазкур “TEXNOPARK” 2019 йилда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо қилинганди. Бу ерда импорт ўрнини босувчи, саноат ва қурилиш, маиший техникалар ишлаб чиқарувчи 17 та завод бир жойда жамлаган.
Масалан турли модификациядаги лифтлардан йилига 4 минг дона ва 500 та эскалатор ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу эса ушбу маҳсулотга республикамизда бўлган талабнинг катта қисмини қопланишига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари хорижий бозорларга ҳам экспорт қилиняпти.
Санжар Тошпўлатов,
Аброр Содиқов,
Улуғбек Тўхтаев, ЎзА