Эсдалик нишони эгаларига топширилди
Конституция халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси сифатида демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан халқимиз маънавий салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида Президентимизнинг тегишли фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинган эди.

Маданият вазирлигида “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлаш маросими ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков миллий маданиятимиз ва санъатимизни янада юксалтириш бугунги ислоҳотларда устувор ўрин тутаётганини таъкидлади.
Тадбирда бир гуруҳ маданият ва санъат соҳаси вакиллари “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
***
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ фидойи ходимларга эсдалик нишонини топшириш маросими Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ҳам бўлиб ўтди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Бош қомусимиз мустақил демократик-ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва ривожлантиришнинг асосий омили сифатидаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталди.

Тизимда эришилган ислоҳотлар, соҳадаги ютуқлар ҳақида сўз борар экан, вазирликнинг ҳар бир ходими олий ва профессионал таълим тизими учун масъул эканини таъкидланди.
Соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ходимлар “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
Қайд этилганидек, бугун тизимда самарали фаолият юритаётган ходимларнинг бир гуруҳи давлатимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлгани тизимда олиб борилаётган халқчил ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир.
ЎзА