Эрта ташхис — соғлом она ва соғлом бола гарови
Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳомиладорлик даврида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш соғлом авлодни вояга етказишнинг муҳим шартларидан биридир. Бу борада малакали акушер-гинекологлар кўмаги, мунтазам тиббий кўриклар ва аҳолининг тиббий маданиятини ошириш алоҳида аҳамият касб этади. Сирдарё вилоятида ҳам хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва ҳомиладор аёлларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда.
Яқинда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти филиали акушер-гинекологлари Ховос тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида хотин-қизлар ва ҳомиладор аёллар учун бепул тиббий кўрик ташкил этди. Кўрик давомида аёлларнинг саломатлик ҳолати баҳоланиб, зарур ҳолларда ультратовуш текширувлари ўтказилди, мутахассислар томонидан тиббий маслаҳатлар берилди. Қўшимча текширувга эҳтиёжи бўлган беморларга эса кейинги даволаш ва кузатув босқичлари юзасидан тавсиялар берилди.
Бундай профилактик тадбирлар касалликларни дастлабки босқичда аниқлаш, ўз вақтида даволаш чораларини белгилаш ва ҳомиладорлик давридаги эҳтимолий асоратларнинг олдини олишга хизмат қилади. Айниқса, ҳомиладор аёлларнинг мунтазам тиббий назоратда бўлиши она ва ҳомила саломатлигини асраш, хавфли ҳолатларни эрта пайқаш ҳамда зарур тиббий ёрдамни кечиктирмасдан кўрсатиш имконини беради.

Вилоятда хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишларининг кўлами рақамларда ҳам намоён бўлади. Жорий йилнинг биринчи ярмида Сирдарё вилоятида туғиш ёшидаги 249 минг 914 нафар аёл ҳисобга олинган бўлиб, уларнинг 123 минг 683 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу жами аёлларнинг 49,5 фоизини ташкил этади. Ушбу жараёнда марказнинг вилоят филиали ҳамда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари поликлиникалари акушер-гинекологлари иштирок этишди.
Тиббий кўриклар натижасида 36 минг 398 нафар аёлда турли касалликлар аниқланди. Жумладан, 20 минг 442 нафар аёлда камқонлик, 5 минг 560 нафарида буйрак, 2 минг 647 нафарида ошқозон-ичак, 2 минг 316 нафарида эндокрин тизими, 1 минг 858 нафарида нафас аъзолари, 2 минг 840 нафарида юрак-қон томир тизими касалликлари қайд этилди. Яна 735 нафар аёлда бошқа турдаги касалликлар аниқланди.

Саломатлигида муаммолар аниқланган аёлларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилиб, қўшимча текширувлардан ўтиш ва уларнинг ҳолатини мунтазам назорат қилиш чоралари белгиланди. Бу каби ёндашув касалликларнинг оғирлашиб кетишининг олдини олиш, даволашни ўз вақтида бошлаш ва аёлларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади.

— Айрим ҳомиладор аёллар мутахассисга ўз вақтида мурожаат қилмасдан, яқинлари ёки катта ёшли қариндошларининг тажрибасига таяниши ҳолатлари ҳам учраб туради. Аммо ҳомиладорлик даврида ҳар қандай хавфли белгига жиддий муносабатда бўлиш зарур. Масалан, ҳомила суви кетиши каби ҳолатларда вақтни бой бермасдан тиббий муассасага мурожаат қилиш керак. Чунки ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам она ва бола саломатлигини асраш, эҳтимолий асоратларнинг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, — деди марказнинг Сирдарё вилояти филиали директори, олий тоифали акушер-гинеколог Шаҳло Хожаева.

Филиал мутахассисларининг фаолияти тиббий кўриклар ва даволаш билан чекланиб қолмайди. Улар ўсмирлар ўртасида эрта никоҳ ва эрта ҳомиладорликнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишларини олиб боради. Ёш оналарга эса чақалоқни тўғри парваришлаш, кўкрак сути билан озиқлантириш ва бола саломатлигини асраш бўйича амалий тавсиялар берилади. Шунингдек, туман ва шаҳарлардаги шифокорлар ҳамда туғруқ бўлимларининг ўрта тиббиёт ходимлари учун амалий машғулотлар ташкил этилиб, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини оширишга эътибор қаратилмоқда.

Зеро, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш фақат тиббиёт муассасаларининг эмас, балки бутун жамиятнинг муҳим вазифасидир. Мунтазам тиббий кўрик, ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилиш ва профилактик тавсияларга амал қилиш орқали кўплаб касалликларнинг олдини олиш мумкин. Эрта ташхис, малакали тиббий ёрдам ва онгли ёндашув эса соғлом оналик, соғлом болалик ҳамда баркамол авлод камолоти учун мустаҳкам замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири