Эрта никоҳга йўл қўймайлик
Бугунги кунда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёшларнинг таълим олиши ва соғлом камол топишини таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу жиҳатдан, эрта никоҳнинг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларини аҳолига кенг тушунтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, қонуний никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган. Ундан олдин турмуш қуриш, шунингдек, расмий никоҳдан ўтмасдан шаръий никоҳ қилиш қонунга зид ҳисобланади. Эрта никоҳ, айниқса, жисмонан ва руҳан оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган қизларнинг соғлиғига, таълим олишига ва келажакдаги ижтимоий фаоллигига жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Ана шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди давлат гранти доирасида Навоий вилоятида кенг қамровли тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, “Бахт қасри” маркази томонидан ишлаб чиқилган “Оила – жамият ва давлат ҳимоясида” лойиҳаси асосида “Эрта никоҳнинг олдини олиш – барчамизнинг бурчимизга айланиши керак” мавзусида тадбирлар ташкил этилмоқда.

Лойиҳа доирасида Карманa тумани ва Навоий шаҳридаги 78 та маҳалла, 8 та техникум ҳамда 56 та умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари иштирокида учрашувлар, семинарлар ва интерактив мулоқотлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда намунавий оилалар вакиллари, психологлар, тиббиёт ходимлари ҳамда диний идоралар вакиллари қатнашиб, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари ҳақида атрофлича маълумот бермоқда.

– Вояга етмаган қизларни турмушга бериш, аввало, қонун бузилиши ҳисобланади, – дейди марказ раҳбари Муҳайё Раҳматова. – Шунингдек, бу ҳолат қизларнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан азобланишига, оилавий низоларга, оналик билан боғлиқ жиддий тиббий муаммоларга олиб келади. Статистик маълумотларга кўра, эрта никоҳ натижасида камқувватлик, туғруқ асоратлари, болалар ўлими ва ҳатто насл бузилиши ҳолатлари рўй бериш хавфи бир неча баробар юқори бўлади. Шу боис олиб бораётган лойиҳамиздан кўзланган мақсад фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш, инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган муносабатни юксалтириш ҳамда соғлом, маънавий етук авлодни тарбиялаш ғоясини кенг тарғиб этишдир.
Лойиҳа доирасида маҳаллаларда яшовчи оилаларга эрта никоҳнинг олдини олиш бўйича қўлланмалар тарқатилмоқда. Таълим муассасаларида эса ёшлар ўртасида “Мен эрта никоҳга қаршиман” хештег остида видеороликлар танлови ўтказилмоқда. Шу билан бирга, юзга яқин ёшлар хорижий тилларни ўрганишда кўмаклашилади ва улар “Ёрдамчи тарбиячи” касбига тайёрланмоқда.
Албатта, эрта никоҳнинг олдини олиш нафақат алоҳида оила, балки бутун жамият фаровонлиги учун хизмат қилади. Бу борада олиб борилаётган тизимли ишлар соғлом авлодни вояга етказиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтиришга хизмат қилади.
А. Бўриев, ЎзА