Ерости иншоотидан нанофильтрациягача: Ўзбекистон – Хитой сув соҳасидаги янги қадамлар
Сув таъминоти ва оқова сувларни тозалаш соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни мамлакатимиз шароитига мослаштириш Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигининг истиқболли йўналишларидан бирига айланмоқда. 9-12 сентябрь кунлари “Ўзсувтаъминот” AЖ бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов бошчилигидаги делегациянинг Хитойга хизмат сафари давомида Шанхайдаги тўлиқ ерости оқова сув тозалаш иншооти фаолияти ўрганилди, Навоий шаҳрида замонавий ичимлик суви тозалаш иншоотини барпо этиш лойиҳаси юзасидан музокаралар ўтказилди.
Сафар доирасида делегация аъзолари Шанхай шаҳридаги “Taihe” тўлиқ ерости оқова сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишди.
Суткасига 600 минг куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга мазкур иншоот 27,2 гектар майдонни эгаллайди. Объектнинг тўлиқ ер остида жойлаштирилгани унинг ўзига хос жиҳатларидан бири. Ер усти қисмида эса очиқ экологик истироҳат боғи ташкил этилган.
Тозаланган сувнинг бир қисми парк ҳудудини суғориш учун қайта ишлатилади. Бу эса оқова сувларни тозалаш билан бир қаторда, сув ресурсларидан қайта фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Иншоотнинг технологик бошқаруви ҳам замонавий ечимларга асосланган. Жараёнлар юқори даражада автоматлаштирилган бўлиб, SCADA тизими, турли роботлар ва дронлардан фойдаланилади.

Делегация аъзолари мазкур объект мисолида Хитойнинг оқова сувларни тозалаш соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганди. Шу билан бирга, бундай технологияларни Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Шу мақсадда иншоот лойиҳасини ишлаб чиққан “Shanghai Municipal Engineering Design Institute (SMEDI)” вакиллари билан музокара ўтказилди. Унда компаниянинг Ўзбекистонда филиал очиш режалари муҳокама қилиниб, мамлакатимизда шу каби ерости оқова сув тозалаш иншоотларини ташкил этиш имкониятларини биргаликда ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

Хитой сафари доирасида ичимлик сувини тозалашнинг замонавий технологияларига оид аниқ лойиҳа ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Ўзсувтаъминот” AЖ бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов иштирокидаги Ўзбекистон делегацияси “China Energy Overseas Investment Co., Ltd.” раиси Яҳонг Ли билан учрашди.

Мулоқотда “Навоий шаҳрида замонавий ичимлик суви тозалаш иншоотини қуриш” лойиҳасининг жорий ҳолати, техник ечимлари ва уни амалга оширишнинг кейинги босқичлари муҳокама қилинди.
Лойиҳада мембранали технологиялар, хусусан, нанофильтрация ва микрофильтрация усулларини қўллаш режалаштирилган. Эътиборли жиҳати, лойиҳа амалга оширилиши натижасида Ўзбекистонда нанофильтрация технологияси асосидаги илк йирик ичимлик суви тозалаш иншоотини барпо этиш кўзда тутилмоқда.
Томонлар лойиҳани ишлаб чиқиш ишларини жадаллаштириш, яқин муддатларда амалий ишларни бошлаш, шунингдек, Ўзбекистонда сув таъминоти ва оқова сув соҳасидаги янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда ўрганиш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Учрашув якунида “Ўзсувтаъминот” AЖ ва “China Energy Overseas Investment Co., Ltd.” ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Шу тариқа, Хитой сафари давомида ўрганилган тажриба ва эришилган келишувлар сув таъминоти ҳамда оқова сувларни тозалаш соҳасида замонавий технологик ечимларни Ўзбекистон амалиётига олиб кириш учун янги имкониятларни белгилади. Шанхайдаги ерости иншооти тажрибаси ва Навоийда режалаштирилаётган нанофильтрация лойиҳаси эса икки давлат ўртасидаги соҳавий ҳамкорликнинг аниқ амалий мазмунга эга эканини кўрсатмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА