Эронда президент сайлови ғолиби эълон қилинди
Ўтган жума куни Эронда президент сайлови бўлиб ўтди. Овоз бериш натижаларига кўра, мамлакат суд ҳокимиятининг раҳбари Иброҳим Раисий сайловда ғалаба қилди, деб баёнот берди мамлакат Ички ишлар вазири Абдулризо Раҳманий Фазли.
"Иброҳим Раисий энг кўп овоз олиб, Эроннинг навбатдаги президенти бўлди", — деди Фазли матбуот анжуманида.
Хабарда таъкидланишича, сайловда жами 59 миллион 310 минг 307 киши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган. Шундан 28 миллион 933 минг 4 киши овоз бериш жараёнида иштирок этган.
"Сайловда қатнашганлар 48,8 фоизни ташкил этди", — деди вазир матбуот анжуманида.
Бундан аввалги бўлиб ўтган 12 та президентлик сайловининг бирортасида ҳам овоз берувчилар кўрсаткичи 50 фоиздан пастга тушмаган эди.
Раисийнинг барча рақиби унинг ғалабасини тан олгани айтилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари берган маълумотларга кўра, Раисий пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг авлодлари ҳисобланган Сайидлар оиласида туғилган ва Исломнинг асосий интеллектуал маркази бўлган Қумдаги семинариясида ўқиган.
Раисий 2017 йилда ҳам президентлик сайловида иштирок этган эди. Ўшанда у амалдаги президент Рухонийга мағлуб бўлганди.
Раисийнинг сайловолди ваъдалари мамлакатда коррупция ва инфляцияга қарши курашиш экани айтилмоқда.