Эрон ва АҚШ "ядро"ни бирёқли қилмоқчи
Дональд Трамп Россия Президентини ўт очишни тўхтатишга чақирди. Жараённинг давоми ўлароқ, ҳафта охирида АҚШ элчиси Стив Уиткофф Санкт-Петербургда Владимир Путин билан учрашди. Бу ҳақда BBC ёзди.
Кремлга кўра, учрашув тўрт соатдан кўпроқ давом этган ва асосий эътибор «Украина келишуви жиҳатлари»га қаратилган. Уиткофф ва Путиннинг бу йилги учинчи музокарасини махсус элчи Кирилл Дмитриев «самарали» деб баҳолади.
Трамп эса, россиялик ҳамкасбидан норозилик билдирди. Жума куни у ижтимоий тармоқда шундай деб ёзди: «Россия ҳаракатланиши керак. Даҳшатли ва маъносиз урушда минглаб одамлар ўлиб кетмоқда».
Музокара олдидан Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков «муносабатларни нормаллаштириш жараёни давом этаётгани учун ҳозирча янгилик кутишнинг ҳожати йўқ», деганди.
Ҳақиқий можаро юзага келган тақдирда Ғарб давлатлари Украина армияси тажрибасини инобатга олмаса, тезда мағлуб бўлишга маҳкум, деди Украина Қуролли кучлари собиқ бош қўмондони, айни пайт мамлакатнинг Буюк Британиядаги элчиси Валерий Залужний «Defence One» портали эълон қилган мақолада.
«Бир неча ўн йилликлар давомида Ғарб қўшинлари уйқуда бўлди. Агар улар жанговар ҳаракат учун оптималлаштирилган автоном қуроллардан оммавий равишда фойдаланадиган душманга дуч келса, Иккинчи жаҳон урушидаги немис “блицкриги” қурбонларини эслатишлари мумкин», — деган у.
Залужний таъкидлашича, ғарблик иттифоқчилар «бебаҳо совға» олди — Украина Қуролли кучлари тажрибаси. Бу тажриба қуролли тўқнашув юз берганда омон қолишга ёрдам беради. Мисол сифатида дипломат арзон дрондан зарба бериш, разведка ва транспорт дронидан фойдаланиш, шунингдек денгиз дрони ва онлайн жанговар бошқарув тизими кенг қўлланишини келтириб ўтган.
Залужний 2021 йил июлда Бош қўмондон лавозимини эгаллаб, 2023 йил кузда Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси этиб тайинланган.
Украина РФ ҳужуми кучайганини тасдиқлади
Ушбу ҳафта Украина бош қўмондони генерал Олександр Сырский Россия кучлари бутун асосий фронт бўйлаб ҳужумни кучайтирганини тасдиқлади. Қуролли Кучларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига кўра, чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси жами 145 марта «Шаҳид» ва бошқа номдаги учувчисиз учоқлар йўналтирилган. Кенг миқёсли дрон ҳужуми Донецк, Харков, Киев, Хмелнитский, Полтава ва Николаев каби бир неча йирик ҳудудларни нишонга олиб, кўплаб жароҳат ва моддий зарар келтириб чиқарган.
Николаев шаҳридаги турар-жой биносида 10 киши жабрланди, хонадонлар, шахсий буюмларга зиён етди.
Губернатор Виталий Ким ҳужумни тўхтатиш кераклигини таъкидлаган.
Украина мудофаа кучлари маълумотида тунги ҳужумга авиация, зенит-ракета тизими, электрон уруш бўлинмалари ва мобил ўт ўчириш гуруҳлари жавоб қайтарган. Жами 85 дрон уриб туширилган. 49 учоқ йўналишидан чиқиб кетган ва мўлжалланган нуқтага етиб бормаган.
Украиналик зобитларнинг ижтимоий тармоқдаги чиқишлари, Киевдаги Бош штаб ва CNN билан суҳбатлашган аскарлар маълумоти таҳлили Россия армияси ҳужум амалиёти бутун фронт бўйлаб кучайганидан дарака бермоқда.
– Бу Украина анча вақтдан бери огоҳлантириб келаётган рус кучлари баҳорги йирик ҳужумининг бошланишими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас. Бинобарин, РФ раҳбари америкалик ҳамкасбини «хафа қилиб қўйиш»дан хавотирланмаётган кўринади.
– Агар Кремл тинчликка жиддий ёндашса, «бир неча ҳафта ичида» қарор қабул қила олади, – деди Давлат котиби Марко Рубио.
Буюк Британия ва Германия Брюсселда 50 давлат иштирокида ташкил қилинадиган учрашувга тайёрланаркан, Киевга яна 450 миллион фунт стерлинг миқдорида ҳарбий ёрдам берилишини эълон қилди. Бу ҳақда BBC ёзди.
Мудофаа расмийлари Россия Президенти Владимир Путинга босим ўтказиш, уни Украина билан урушни тўхтатишга мажбур қилиш учун йиғилмоқда.
– Украина мудофаасини мустаҳкамлашда давом этиб, тажовузкорликнинг олдини олиш учун ҳаракат қилишимиз керак, – деди Бирлашган Қироллик мудофаа вазири Жон Хили.
Бу галги кўмак юз минглаб дрон, танкка қарши мина ва ҳарбий машиналар таъмирланиши учун ишлатилади. Тахминан 350 миллион фунт стерлингни Британия тақдим этади. Шунингдек Норвегия воситачилигида Украина халқаро жамғармаси орқали қўшимча молиялаштириш ҳам назарда тутилган.
Япония Украинага ёрдам кўрсатишини билдирди
Япония НАТОнинг Украинага ҳарбий машқ ва жиҳоз етказиб бериш орқали ёрдам кўрсатиш саъй-ҳаракатида иштирок этишга тайёр, деди кун чиқар юрт мудофаа вазири Ген Накатани ташкилот бош котиби Марк Рютте билан учрашувда.
«Киодо» агентлиги ёзишича, Накатани «Япония атрофидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият тобора қийинлашаётгани»ни таъкидлаган.
Учрашувда томонлар Япония – НАТО Алоҳида ҳамкорлик режаси доирасида коинот ва кибер фазо, шунингдек ёлғон маълумотга қарши кураш соҳасидаги шерикликни ривожлантириш ниятини ҳам тасдиқлаган.
Накатани билан мулоқотдан олдин Рютте Токиога қўшни Канагава префектурасидаги ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучларига қарашли Ёкосука ҳарбий-денгиз қўшини базасини кўздан кечирган. У Тайван атрофидаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани, оролда «ҳақиқатан ташвишли аломатлар бор»лигига ишонишини айтган. Шунингдек, ҳарбий саноат соҳасида НАТО – Япония ҳамкорлигини ривожлантириш истагини билдирган.
АҚШ ва Эрон келишиб олмоқчи
АҚШ ва Эрон ушбу ҳафта охирида эҳтимолий ядровий келишув бўйича тўғридан-тўғри музокара ўтказади. Бу ҳақда Президент Дональд Трамп маълум қилган эди. Учрашув Ўмонда бўлиши кутилмоқда.
BBC ёзишича, учрашувни Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири ҳам тасдиқлаган. У музокара билвосита хусусиятга эга, аммо синовли имконият эканини айтган.
Аввалги президентлиги даврида мамлакатини Эрон билан мавжуд келишувдан бир томонлама чиқариб юборган Трамп бу гал мунозара жуда қизғин ўтиши, мабодо келишувга эришилмаса, бу «Эрон учун жуда ёмон кун» бўлишидан огоҳлантирди.
Ўтган ой Олий раҳбар Оятуллоҳ Али Ҳуманаий бевосита музокара таклифини очиқчасига рад этган, сўнгра Қўшма Штатлар етакчиси унга қарши ҳарбий чора кўриш масаласини кўтарган эди.
Трамп бу музокара ҳақида Оқ уйдаги Биньямин Нетаньяҳу билан учрашувдан сўнг маълум қилган эди. Исроил Бош вазири ҳам аввалроқ ядровий қуролга эга бўлишини тўхтатиш учун Эронга ҳужум қилиш эҳтимоли борлигини айтган.
«Мен жуда хавотирдаман. Трамп маъмурияти томонидан қўлланилган таҳдид остидаги бу музокара тактикаси, Эронга нисбатан жиддий сиёсат ўрнини боса олмайди», — дейди Эрон бўйича экспертлардан бири.
АҚШ Хитойга солган солиқ 145 фоизлиги маълум бўлди
АҚШ Президенти Трамп чоршанба куни Хитой Халқ Республикасидан кирадиган товарларга янги 125 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди. Бинобарин, Оқ уй бу ставка аллақачон мавжуд бўлган 20 фоизлик йиғимнинг давоми эканига аниқлик киритди.
Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида чиқиш қилган Трамп ўз тариф сиёсатини ҳимоя қилиб, Қўшма Штатлар «жуда яхши ҳолатдалиги»ни даъво қилди.
Пекин бунга кучга кирган Америка товарларига 84 фоизлик бож тўлови тартиби билан жавоб қайтарди.
– Адолатли чора кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланади, – деди ХХР Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лин Жиан. АҚШ ҳукумати қарорига халқ қарши чиқади, бу ҳаракат муваффақиятсиз якунланади.
– ХХР Европа Иттифоқи раҳбарлари билан эришилган муҳим консенсусни амалга ошириш, алоқа ва алмашинувни мустаҳкамлаш, савдо, сармоя ва саноат ҳамкорлигини чуқурлаштириш учун биргаликда ишлашга тайёр, – деб ёзган расмий «Синхуа» ахборот агентлиги.
Миср, Франция ва Иордания Ғазодаги ҳарбий ҳаракатни тўхтатишга чақирмоқда Миср, Франция ва Иордания қўшма баёнот эълон қилиб, халқаро ҳамжамиятни Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётни зудлик билан тўхтатиш чораларини кўришга чақирди. Уч давлат раҳбарлари бегуноҳ аҳолини ҳимоя қилиш, жабрланган ҳудудларга гуманитар ёрдам тўсиқсиз киришини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган.
Ушбу чақириқ душанба куни Қоҳирада Миср Президенти Абдул Фаттоҳ Ас-Сиси, Франция раҳбари Эмманюэль Макрон ва Иордания Қироли Абдулла II иштирок этган саммит якунида тасдиқланган қўшма ҳужжатда акс этган. Етакчилар 19 январдаги алмашув битимини зудлик билан амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган. Бу келишув барча учун хавфсизликни таъминлаган ҳолда, гаровга ва ҳибсга олинганлар озод этилишини кафолатлайди.
Баёнотда тинч аҳоли ва инсонпарварлик ходимларини ҳимоя қилиш, шунингдек инсонпарварлик ёрдами етказиб беришдан тўлиқ фойдаланиш халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятлиги, бунга риоя қилиниши шартлиги алоҳида қайд этилган. Шунингдек, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги вазият ёмонлашувидан хавотир билдирилиб, икки давлат тамойили ечимининг ҳаётийлигига таҳдид солувчи, кескинликни кучайтирувчи бир томонлама чораларни тўхтатишга чақирилган.
Макрон, Абдуллоҳ II ва Ас-Сиси фаластинликлар кўчирилиши ёки ҳудудларнинг ҳар қандай аннексиясига қарши позицияни яна бир бор тасдиқлаган. Халқаро ҳамжамият Миср томонидан тайёрланган Ғазо учун араб-ислом қайта тиклаш режасини қўллаб-қувватлашга чақирилган.
Мазкур қўшма баёнот сўнгги ҳарбий амалиёт оддий аҳоли орасида сезиларли қурбонлар берилиши, инфратузилма вайрон бўлиши орқали сектордаги вазият ёмонлашуви асносида қабул қилинди. Халқаро ҳамжамият можаро авж олганидан хавотир билдириб, зудлик билан қарши чоралар кўриш зарурлигини таъкидлаган.
Ҳафта бошида Франция, АҚШ, Миср ва Иордания етакчилари телефон орқали мулоқот қилиб, Ғазодаги вазиятни муҳокама қилган, мунтазам ўт очишни тўхтатишга эришиш ва жабрланганларга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш лозимлигини таъкидлаган эди.
Халқаро ташкилотлар ва турли мамлакатлар раҳбарлари жаҳон ҳамжамиятини бегуноҳ аҳолини ҳимоя қилиш, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш муҳимлигини таъкидлаб, зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, можарога тинч йўл билан ечим излашга чақиришда давом этмоқда.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/i6DKIxkyTag" title="Eron va AQSH “yadro”ni biryoqli qilmoqchi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аввалроқ Ғазога инсонпарварлик ёрдами ўтиши тўхтагани ҳақида хабар берилган эди. Исроил сектордаги ҳарбий амалиётни кенгайтирган.
Эмманюэль Макрон июнь ойида ўзи ҳамраислик қиладиган икки давлат ечими бўйича халқаро конференция доирасида Франция Фаластин давлатини тан олиши мумкинлиги эълон қилинишини айтди. У 6-7 апрель кунлари бўлиб ўтган Мисрга икки кунлик ташрифидан сўнг «France5» телеканалига берган интервьюсида шу мавзуни кўтарди.
– Фаластинни тан олиш жараёни томон ҳаракатланишимиз керак ва биз бунга яқин ойларда эриша оламиз, – деди Макрон июнь ойида Саудия Арабистони билан бирга мезбонлик қилинадиган халқаро анжуман кунларига ишора қилиб. Конференция Фаластинни тан олиш масаласини ниҳоят ҳал қилишни режалаштирмоқда.
Сардорбек Поёнов, Нишонбой Абдувоитов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА.