Эрон нефть экспортига чеклов бекор қилинди
Эронга нисбатан нефть экспорти бўйича жорий қилинган санкция бекор бўлгач, мамлакат нефти 20 фоиз қўшимча нархда сотила бошлади. Парламент раиси Муҳаммад Бағир Ғолибоф 12 миллиард долларлик музлатилган маблағ қайтариб олингани, бу пул Эрон томонидан исталган мақсадда сарфланиши мумкинлигини маълум қилди.
Мулозим таъкидлашича, нефть савдосидаги чеклов бекор қилингач, мамлакат хом ашёси бозорга 20 фоиз қиммат нархда чиқарилмоқда. У АҚШни келишувни бузмасликка чақириб, агар Эронни нефть сотиш имкониятидан маҳрум қилишга уриниш кузатилса, ҳеч бир давлат нефть савдосидан фойда кўра олмаслигини таъкидлади.
Ғолибоф аҳолига иқтисодий босимни камайтириш зарурлигини ҳам қайд этди. Шунингдек, Президент Дональд Трампнинг “музлатилган маблағ фақат америкалик фермерлардан маҳсулот харид қилиш учун ишлатилиши керак” мазмунидаги баёнотини танқид қилди. Спикернинг сўзларига кўра, эришилган меморандумга мувофиқ, хориждаги 24 миллиард долларнинг 12 миллиарди Эрон Марказий банкига ўтказилиши шарт. Бу Ислом Республикаси исталган мамлакатдан ўзи хоҳлаган нарх ва валютада товар сотиб олиш имконига эгалигини англатади ва ушбу жараён аллақачон бошланган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА