Ерлар деградациясининг олдини олиш – долзарб масала
Наманганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 июндаги “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ғалладан бўшайдиган майдонларни фермер аъзолари, оталиққа олинган, шунингдек, аукционда ер ололмаган фуқароларга ажратиб беришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тўрақўрғон туманидаги “Комилов Турсунбой” фермер хўжалиги дала шийпонида ташкил этилган мазкур семинарда туман ҳокими Аҳроржон Мансуров, Республика Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Мақсуд Рўзметов, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Азизбек Абдусаломов соҳа вакилларига давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори мазмун-моҳияти, келгусида кўзда тутилаётган натижалар ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

Таъкидланганидек, ерлар сифатининг ёмонлашиш жараёни, ҳосилдорликнинг пасайиши – ерлар деградацияси дейилади. У тупроқнинг функциясини ўзгартирувчи, унинг хоссалари сони ва сифатини камайтирувчи, унумдорлигини пасайтирувчи ва йўқотувчи жараёнлар мажмуаси бўлиб, узоқ муддат фойдаланиш сабабли технологик, эрозия, шўрланиш, ботқоқланиш, ифлосланиш ва чўлланишни келтириб чиқаради. Афсуски, бундай ерлар юртимизда исталганича топилади.

Таъкидланганидек, унумдор ерлар келажак авлодларга ҳам шундай қолиши учун бугундан қайғуриш зарур. Бунда шу йўналишда изланаётган олимлар ва фермерларнинг ҳамкорлиги яхши натижа беради. Чунки, айнан ерлар деградациясига қарши курашиш учун муайян ишлар олиб борилмоқда.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга тармоқ мутахассисларидан жавоблар олди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА