Эркинжон Турдимов: Бугун таълим соҳасида қабул қилаётган қарорларимиз келажак авлод қандай имкониятларга эга бўлишини белгилаб беради
Бугун таълим тизимининг муваффақиятини университетлар сони ёки халқаро келишувлар билан ўлчашнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳим мезон — ёшлар қандай билим олаётгани, меҳнат бозорида қанчалик рақобатбардош бўлаётгани ва таълим орқали ҳаётини ўзгартира олаётгани.
Тошкентда бўлиб ўтаётган Марказий Осиё халқаро таълим форумида ҳам айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Форумнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан вазири Эркин Турдимов минтақавий ҳамкорликни амалий натижаларга йўналтириш, таълим сифатини ошириш ва ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳимлигини таъкидлади.
—Жаҳон иқтисодиёти ўзгармоқда, технологиялар жуда тез ривожланмоқда. Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар меҳнат бозорини, касбларни ва билимга бўлган талабларни тубдан ўзгартирмоқда. Бундай шароитда таълим давлатнинг ижтимоий мажбурияти бўлибгина қолмасдан, иқтисодий қудрати, технологик мустақиллиги ва халқаро рақобатбардошлигини белгилайдиган стратегик омилга айланмоқда. Бугун таълим соҳасида қабул қилаётган қарорларимиз эртанги иқтисодиётимизнинг ривожланиши қандай бўлишини, келажак авлодларимиз қандай имкониятларга эга бўлишини белгилаб беради.
Айниқса, бу Марказий Осиё учун алоҳида аҳамият касб этади. Ҳеч кимга сир эмас минтақамиз асрлар давомида Шарқ ва Ғарб цивилизациясини боғлаб турган, жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшиб келган. Бугун эса Марказий Осиё ўзининг янги тараққиёт босқичи сари одимлаб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, минтақамизда ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурматга асосланган мутлақо янги ҳамкорлик муҳити шаклланди. Ушбу ҳамкорлик муҳити натижасида мамлакатларимиз ўртасида сиёсий мулоқот фаоллашиб, иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқалар борган сари кенгайиб бормоқда. Минтақамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган авлод ташкил этиши эса бизга улкан демографик ва интеллектуал имкониятлар яратмоқда. Бироқ, демографик устунлик ўз-ўзидан иқтисодий юксалишга олиб келмайди. Уни ҳақиқий тараққиёт омилига айлантириш учун, аввало, ёшларимизни сифатли таълим, замонавий касб-ҳунар ва илғор технологиялар билан қуроллантиришимиз зарур. Яна шуни айтишим лозимки, дипломнинг қиймати фақат қайси университет томонидан берилгани билан эмас, балки эгаси қандай билим ва кўникмаларга эга экани билан белгиланади.
Мамлакатимизда олийгоҳлар сони 205 тага, хорижий университетлар ва уларнинг филиаллари сони 35 тага етди. Ёшларимизни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизга етди. Таҳсил олаётган ёшларимизнинг 55 фоизини аёллар ташкил қилади. Энг қувонарлиси, маҳаллий университетларимизнинг нуфузли халқаро рейтинглардаги иштироки кенгайиб, жаҳон академик ҳамжамиятидаги мавқеи мустаҳкамланишига пойдевор бўлмоқда. Бугунги кунда, Марказий Осиё давлатлари билан бир қаторда, Япония, Хитой, Туркия, АҚШ, Германия, Польша, Франция, Италия ва Буюк Британия каби мамлакатлар билан ҳамкорлигимиз изчил ривожланмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги таълим тизимини халқаро илғор тажриба ва замонавий билимлар билан бойитишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, биз эришилган натижалар билан тўхтаб қолиш ниятида эмасмиз.

Биз Марказий Осиёни жаҳон таълим ва илм-фан харитасида ўзига хос ўринга эга бўлган, юқори технологиялар, инновациялар ва интеллектуал ҳамкорлик жадал ривожланаётган минтақа сифатида кўришни истаймиз. Бу йўлда Туркия, Озарбайжон, Покистон, Грузия, Чехия Республикаси ва бошқа халқаро ҳамкорларимизнинг тажрибаси ҳамда илмий-академик имкониятлари муҳим аҳамиятга эга. Барча ҳамкорларимизни ушбу мақсадлар йўлида янада яқин мулоқот ва амалий шерикликка таклиф этамиз,— деди вазир.
ЎзА мухбири
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.