Эркин курашчилар баҳси якунланди
Пойтахтимиз мезбонлигида ўтаётган спорт курашлари бўйича Ўзбекистон чемпионатида эркин кураш йўналиши бўйича баҳслар ўз якунига етди.
Эркин кураш баҳсларининг сўнгги кунида вазни -61 кг. бўлган Беҳруз Туранмуратов барча рақибларини таслим этган ҳолда мамлакат чемпионига айланган бўлса, ушбу вазнда Арслон Раҳимов кумуш, Абдуллоҳ Жалолиддинов ва Самандар Турдибоев бронза медалига эга чиқди.

-70 кг. вазн тоифасида эса Бегижон Қўлдошев, Нодир Раҳимов, Заурбек Бугулов ва Жалолиддин Исмоилов ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Шунингдек, мамлакат чемпионатида Асадбек Каримов, Бобур Исломов ва Сардор Холматов каби полвонлар ўз вазн тоифаларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Шу тариқа, спорт курашлари бўйича Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлган эркин курашчилар терма жамоа таркибидан ўрин олган ҳолда келгусидаги нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА