Эрдоған: Халқаро тизим инқирозда, ҳуқуқ ўз кучини йўқотди
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Жанубий Кавказ учун тинч келажак қуришга қаратилган саъй-ҳаракатни олқишлаб, халқаро ҳамжамиятни бу ўзгаришлардан ўрнак олишга чақирди.
Эрдоған Истанбулдаги Долма боғча саройида Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси иштирокчилари олдида нутқ сўзлади.
Етакчи Жанубий Кавказдаги ўзгаришларга алоҳида тўхталди:
– Жанубий Кавказда осуда келажак, тинчлик ва фаровонлик барпо этиш йўлида ташланган қадамларни олқишлаймиз ва бу бутун дунёга ўрнак бўлишидан умидвормиз, – деди Президент Эрдоған. – 80 йил аввал Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган давлатлар томонидан шакллантирилган халқаро тизим бугун жиддий инқироз ёқасида. Мазкур тизим асосини ташкил этувчи қадрият ва тамойиллар мазмуни ва ишончини йўқотиш арафасида турибди. Халқаро ҳуқуққа оид мажбурий қоидалар самарасини йўқотган, дунё бўйлаб ҳар куни янги ҳарбий ҳаракат, инсониятга қарши жиноятлар содир этилаётганидан афсусдамиз. Ақл-идрокдан воз кечилган, мулоқот механизми фалажланган, дипломатия ва музокара қуролга алмаштирилган бир вазиятда ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳисоблай олмайди. Минтақа давлатлари асосий иштирокчи сифатида майдонга чиқмаган ҳеч бир ташаббус тинчлик ва хавфсизликка эришиш мақсад талабларига жавоб бера олмаслиги мутлақо аниқ.
Г.Сатторова, ЎзА