Эрдоған: АҚШ қирувчи самолётлар бўйича ваъдасини бажармаяпти
Анқара АҚШдан на қирувчи самолётлар олди, на унга тўланган пуллар қайтариб олди, деб баёнот берди Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған.
Унинг гапларини Анадолу агентлиги қуйидагича келтиради:
"C-400 ҳаво мудофаа тизимини харид қилаётганмизда бизга таҳдид қилганлар ҳам бўлди, лекин улар ушбу тизим эвазига ҳеч нарса таклиф этмаган. Ҳозир эса биз F-16 жанговар самолётларини етказиб бериш бўйича музокара олиб бормоқдамиз, бироқ бизга рад жавобини беришмоқда. Бизга F-35, самолётларини беришни ваъда қилган эди, лекин сўзида туришмади. Биз тахминан 1 миллиард 400 миллион доллар тўлаганмиз. Самолётлар ҳам йўқ, пул ҳам қайтарилмади. Биз ҳамиша сўзимизда турганмиз, шундай экан ҳамкорларимиздан ҳам шуни кутамиз".
АҚШ Туркияни Россиядан С-400 ҳаво мудофааси тизимини сотиб олгани учун жазо сифатида янги F-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш дастуридан чиқарган эди. Шундан кейин Эрдоған Америка бошқа қирувчи самолёт, хусусан, тўртинчи авлод F-16 қирувчи самолётларини таклиф қилётгани ҳақида маълум қилганди.
Ушбу келишув конгрессда маъқулланиши керак. Конгрессда эса келишувга қаршилар ҳам талайгина.