Ердан самарали фойдаланиш давр талаби
Ер умуммиллий бойлик бўлиб давлат томонидан муҳофаза қилинади. Миллий қонунчилигимизда ундан халқимизнинг фаровон ҳаёти, келажак авлод тўкинлиги манбаи сифатида оқилона фойдаланиш алоҳида белгилаб қўйилган. Ер муносабатларини тартибга солиш, ундан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ер билан боғлиқ узвий масалаларни қонун доирасида ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикасининг “Ер кодекси” қабул қилинган.
Мамлакатимизда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ундан мақсадсиз фойдаланишга барҳам бериш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётган бўлса-да бу борада ҳамон қонун бузилиш ҳолатлари учрамоқда.

Кадастр Агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси ташкил этган навбатдаги матбуот анжуманида шу ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Вилоятда 2 миллион 9 минг 911 гектар ер мавжуд бўлиб, унинг атиги 237 минг 93 гектари суғориладиган экин майдонларидир. Бу рақам воҳада ерга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириб, мавжуд майдонлардан озиқ-овқат хавфсизлигини, келгуси авлодларнинг ҳам обод, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш учун ундан самарали фойдаланишни тақозо этади.

Соҳа ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида жойларда ер ва кадастр назоратини амалга ошириш бўйича олиб борган тадбирлари чоғида 2 минг 308 ҳолатда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 7 миллиард 99,5 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилиб, ҳозиргача унинг 2 миллиард 127 миллион сўми ундириб олинган. 43 ҳолатда қонун бузарларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар жиноий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилган. 70,39 гектар майдондаги ер билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан судларга даъво аризалари киритилиб, шу кунгача 19,97 гектар майдонда барпо этилган ноқонуний қурилмаларни бузиш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилди.
Ўзбекистон Республикаси "Ер кодекси"да қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил давомида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ вилоятда мавжуд қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш юзасидан тизимли назорат ўрнатилган. Йилнинг ўтган даврида бу йўналишда амалга оширилган мониторинг чоғида 157 та ҳолатда 1 минг 145,61 гектар ер майдонидан мақсадсиз фойдаланилгани аникланиб, 16 та ҳолатда 397,63 гектар ер майдони бўйича судларга даъво аризалари, 141 та ҳолатда 747,99 гектар ер майдони учун маҳаллий ҳокимликларга тақдимномалар киритилди. 31 та ҳолатда 269,20 гектар ер майдони туман ҳокимликлари захирасига қайтарилиши таъминланди.

Матбуот анжуманида воҳада ер муносабатларини тартибга солиш, ундан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири