Ердан оқилона ва самарали фойдаланиш лозим
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш, ер эгаларининг масъулияти ва манфаатдорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, ер майдонларини ижарага беришда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, ердан фойдаланишда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш соҳадаги янги босқични бошлаб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан жорий этилган қишлоқ хўжалиги ер майдонларини ижарага беришнинг янги тизими ана шу ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Ушбу тизимни барча ҳудудларда татбиқ этиш мақсадида 2026 йил 24 апрелда “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ердан фойдаланишдаги мустақиллигини таъминлашга қаратилган навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармоннинг қабул қилиниши эса ер муносабатларида ягона ва замонавий ёндашувни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Навоий вилоятида ҳам мазкур ислоҳотлар ижросини таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси” томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2025 йил 1 мартдан бугунги кунга қадар янги тизим асосида жами 3 минг 969 гектар ер майдони 4 миллиард 890 миллион сўмга аукцион орқали ижарага берилган.
Шундан биринчи ва иккинчи босқичларда 425 гектар ер майдони 177 миллион сўмга, учинчи босқичда эса суғориш имконияти мавжуд бўлган 3 минг 36 гектар ер майдони 4 миллиард 529 миллион сўмга сотилган.
– Бугунги кунда вилоятда ижарага берилган 1 223,9 гектар ер майдонида юқори даромадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда, – дейди дирекция бош мутахассиси Искандар Хайруллаев. – Айни пайтда 129 гектар ер майдонида сув таъминотини, 214 гектар майдонда электр таъминотини яхшилаш режалаштирилган. Яна 2 473,1 гектар ер майдони яқинда аукцион орқали ижарага берилгани сабабли уларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишлари бошланмоқда. Албатта, ер қанчалик унумдор бўлмасин, сув, электр энергияси, йўл ва бошқа зарур шароитлар етарли бўлмаса, ундан юқори самара олиш қийин. Шунинг учун янги тизимда ер ажратиш билан бир қаторда уни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришга киритишда зарур инфратузилмани яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Навоий вилоятининг табиий-иқлим шароити, сув ресурсларининг чекланганлиги ва кенг яйлов майдонлари мавжудлигини ҳисобга олсак, бу йўналишдаги ишлар янада муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Конимех туманида Миср тажрибаси асосида 3 минг 800 гектар яйловни ўзлаштириш, 9,3 километр узунликдаги “Кенгсой” каналини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа натижасида йилига 124 минг тонна чорва озуқаси етиштириш ва 400 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Нурота туманида ҳам ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Қуламаржарсой” ҳудудида 100 минг куб метр сиғимга эга сув ҳавзасини қуриш лойиҳаси шакллантирилган. Қиймати 4 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа 4 минг 800 гектар ер майдонининг сув таъминотини яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тумандаги Жарма маҳалласи ҳудудида “Қизил лола боғлари” МЧЖ томонидан ижарага олинган 38,6 гектар ер майдонида 2027 йилда саноатлашган боғдорчилик плантациясини ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳани амалга оширишда Дирекция томонидан инфратузилма масалаларида кўмаклашиш бўйича келишувга эришилган.
Шунингдек, “Зарафшон нурли боғлари” МЧЖ томонидан қарийб 65,5 гектар майдонда замонавий агро-сут кластерини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 80 бош хорижий зотли соғин сигир олиб келинган, 20 гектар майдонда эса чорва озуқаси учун маккажўхори етиштирилмоқда.

Бундай лойиҳалар қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, чорвачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш, маҳсулот етиштиришдан тортиб уни қайта ишлашгача бўлган жараёнларни ўзаро боғлаш имконини беради.
Ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан бирга, унинг иқтисодий ва молиявий механизмларини такомиллаштиришдир. Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2025 йилдан буён дирекциялар ҳисобига ер участкаларини аукцион орқали сотишдан жами 542,5 миллион сўм маблағ келиб тушган. Шунингдек, вилоят бўйича ер майдонлари тоифасини ўзгартириш натижасида 34,9 миллиард сўм нобудгарчилик тўловлари ҳисобланган.
Ҳудудларда 2026-2028 йилларга мўлжалланган ер майдонларини ўзлаштириш, қайта фойдаланишга киритиш ва сув таъминотини яхшилаш дастурлари ишлаб чиқилиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари қарорлари билан тасдиқланган. Мазкур дастурларга мувофиқ, ер майдонларини аукционда ижарага бериш, иккиламчи ижара ва нобудгарчилик тўловларидан маҳаллий бюджетга йўналтириладиган 29 миллиард 174 миллион сўм маблағ ҳисобидан жами 24,5 минг гектар ер майдонининг сув таъминотини яхшилаш белгиланган.
Энг муҳими, мазкур ислоҳотлар натижасида ҳозирга қадар фойдаланилмаган имкониятлар ишга солиниб, янги лойиҳаларга йўл очилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири