Ердан барқарор фойдаланиш бўйича БМТ билан ҳамкорлик кучайтирилади
БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат ердан барқарор фойдаланишни режалаштириш, деградацияга учраган экотизимларни тиклаш ҳамда ландшафтларни комплекс бошқариш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ҳамкорлик Глобал экологик жамғарма томонидан молиялаштирилаётган, БМТТД ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда юқори табиий қийматга эга ландшафтларни комплекс муҳофаза қилиш, бошқариш ва тиклаш” (ECOLAND) лойиҳаси доирасида йўлга қўйилади.
Лойиҳа доирасида ландшафтларни комплекс бошқариш, деградацияга учраган экотизимларни тиклаш, барқарор турмуш воситаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, экологик қарорлар қабул қилишда илмий далиллар ва билимлардан самарали фойдаланиш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилади. Мазкур меморандум ушбу йўналишларда халқаро тажриба ва илмий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, шунингдек, ер ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА