
Ватанимиз тарихидаги 22 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1365 йил (бундан 660 йил олдин) – эрта тонгда ҳозирги Чиноз билан Тошкент оралиғидаги майдонда бир томондан Амир Ҳусайн ва Амир Темур, иккинчи томондан Илёсхўжа бошчилигидаги мўғуллар ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтди. Ушбу жанг тарихда “Лой жанги” номи билан қолди. Бу жанг пайтида қаттиқ жала ёғиб, ер сирғанчиқ ва ёпишқоқ лой бўлиб, отлиқ учун ҳам, пиёдалар учун ҳам юриш мушкуллашади.
Тарихчи олим Турғун Файзиевнинг қайд этишича, кўпгина отлиқ ва пиёда жангчилар лойга ботиб, ҳатто Амир Темур ҳам оти билан йиқилиб тушган, деган ривоятлар ҳам бор. Бунинг устига Амир Темур қўшини душман устидан ғалабага эришиб турган паллада амир Ҳусайн қатъиятсизлик қилиб, жанг майдонини ташлаб кетади. Натижада душман жангда ғолиб келди.
1824 йил (бундан 201 йил олдин) – Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I нинг буйруғи билан Марвдан Хивага қайтишда хоннинг акаси Қутлуғмурод иноқ Тажан дарёси бўйида вафот этди. Васиятига кўра, Қутлуғмурод иноқ вафотидан кейин Хива шаҳрида ўзи қурдирган мадрасага дафн қилиниши керак эди. Лекин Хива шаҳрининг азалдан одат тусига кириб қолган бир қоидаси бор эдики, унга кўра, шаҳардан ташқарида ўлган киши шаҳар ичкарисига дафн қилинмас эди.
Муҳаммад Раҳимхон I уламо ва сипоҳларни чақириб: “Урф-одат бўйича шаҳарга ўлик киритилмайди, бир йўл топинглар, урф ҳам бузилмасин, акам ўлиги ҳам ўзининг мадрасасида қурдирган мозорига киритиб қўйилсин”, - дейди. Руҳонийлардан бири: “Ман китобда кўрганман, шаҳарга ўлик киритиш учун шаҳар қалъасини икки юз газгача йиқилса, шаҳарликдан чиқади, ўлик киритиб кўмиш мумкин бўлади”, - деб маслаҳат беради. Шундан кейин хон шаҳарнинг шарқий дарвозаси ҳисобланган Полвон дарвозанинг шимол томонидан, Қутлуғмурод иноқ мадрасасининг олдидаги қалъа деворини 200 газча бузишни ва ер билан тенг қилишни буюради.
Табибийнинг маълумот беришича, “шаввол ойининг тўртинчи кунида (10 июнь) қум ичидан шаҳарга келтирилган Қутлуғмурод иноқнинг жасадини Хивақ шаҳрининг ичида, ўзи қурдирган мадрасанинг махсус тузаттирган жойида дафн қилдилар. Муддати умри 56 йил эрди ва уч саодатманди – Муҳаммадюсуфбек, Абдуллабек, Ибодуллабек фарзанди ёдгор қолди”.
1952 йил (бундан 73 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг “Каттақўрғон сув омборини доимий фойдаланишга топшириш, сув омбори сиғими миқдорини ошириш учун тўғонни кўтариш ва сув келтирувчи канални кенгайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1989 йил (бундан 36 йил олдин) – Термизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ваколатхонаси иш бошлади. Бу ташкилот ёрдамида Термиз шаҳридаги транзит нуқталаридан Афғонистон давлатига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб келинди. Ташкил этилган мазкур ваколатхонанинг биринчи раҳбари Оливье Алле эди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта опера ва балет театрида буюк ўзбек шоири Бобораҳим Машраб таваллудининг 350 йиллигига бағишланган тантанали кеча бўлиб ўтди.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – ўзбек альпинистларидан биринчи бўлиб Рустам Ражапов Ер юзидаги энг баланд чўққи Жомолунгма (Эверест)ни забт этиб, у ерда Ўзбекистон байроғини ўрнатди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, шу йилнинг 5 июнь куни Тошкентдаги Ўзбекистон Олимпия шон-шуҳрати музейида Эверест чўққисини забт эттан 11 кишидан иборат ўзбек альпинистларини қутлаш маросими бўлди. Мана шу буюк муваффақият учун Эверестда ўтказилган экспедиция қатнашчиларининг ҳар бирига “Халқаро тоифадаги спорт устаси” олий спорт унвони берилди.
Баландлиги 8848 метр бўлган Жомолунгма чўққисига 1953 йил 29 майда Ж.Хант бошлиқ инглиз экспедицияси аъзолари – непаллик Тенцинг ва янгизеландиялик Э.Хиллари чиқиб етдилар. Ер юзидаги энг баланд чўққига аёллардан биринчи бўлиб 1976 йилда япониялик альпинист Ю.Табей чиққан.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Ўз-самсунг электроникс» Ўзбекистон – Корея қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълимдан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА