Ер унумдор бўлса, ҳосил баракали бўлади
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги ғалла ва пахта етиштириш бўйича салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. 2014 йилда ғалла ҳосилдорлиги 95 центнерни ташкил этгани ҳам фикримизни исботлайди.
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги ғалла ва пахта етиштириш бўйича салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. 2014 йилда ғалла ҳосилдорлиги 95 центнерни ташкил этгани ҳам фикримизни исботлайди.– Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга хизмат қилмоқда, – дейди фермер хўжалиги раҳбари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Лолахон Муродова. – Мамлакатимизда, айниқса, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар самарасида қишлоқ хўжалиги экинларидан олинаётган ҳосилдорлик муттасил ошиб бормоқда.
Фарғона вилоятида 2008-2014 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури доирасида 110 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, катта ҳажмдаги ишлар бажарилди.
Дарҳақиқат, аграр соҳада ҳосилдорлик ва деҳқон меҳнатининг самараси кўп жиҳатдан ирригация тармоқларининг аҳволи ва ернинг мелиоратив ҳолатига боғлиқ. Вилоятда коллектор ва дренаж тизимларининг тикланиши натижасида тупроқ унумдорлиги ошиб, пахта ва ғалла етиштириш бўйича сезиларли даражада ўсишга эришилди.
Таҳлилларга қараганда, кейинги олти йилда 125,1 минг километр коллектор дренаж тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинган. 10,5 минг километр таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилган. Бунинг самарасида 110 минг гектар ер майдонининг мелиоратив ҳолати яхшиланди.
2014 йилда амалга оширилган 28 лойиҳа натижасида 40 минг 149 гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Бунинг учун 1 минг 500 километрдан ортиқ очиқ зовур тармоқлари, 237 қудуқ ва 12 мелиоратив насос станциясида таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди.
– Ўтган йили амалга оширилган мелиоратив тадбирлар самарасида кучли шўрланган майдонлар қарийб минг гектарга қисқарди, – дейди “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги Гидрогеологик мелиоратив экспедиция бошқармаси бошлиғи Р.Жўраев. – Натижада ҳосилдорлик пахтадан 1,7, ғалладан 2,3 центнерга ошди.
2014 йил сарҳисоби Фурқат туманида сизот сувлари сатҳи ва кучли шўрланган майдонлар сезиларли даражада камайганидан далолат беради. Бу каби саъй-ҳаракатларнинг муҳим омили сифатида туман деҳқонлари ўтган йили пахта ва ғалла ҳосилдорлигини 1,5-2 фоизга кўпайтиришга эришди.
– Мамлакатимизда ер унумдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Сўх-Исфара” ирригация тизими Фурқат тумани бўлими бошлиғи Р.Мелиев. – Ўтган йили туманда 6 қудуқ таъмирланди, бу йил учта қудуқда реконструкция ишлари амалга оширилади. 2014-2015 йилларда туманда 2,4 километр зовурни тозалаш ишлари режалаштирилган бўлиб, бу мақсадлар учун давлат бюджетидан 2 миллиард 365 миллион сўм маблағ ажратилган.
Суғориш тармоқларида сув исрофгарчилигига йўл қўймаслик мақсадида магистраль ва хўжаликлараро каналлар тозаланиб, гидротехник иншоот ва гидропостлар таъмирланмоқда. Сув иншоотларида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётир. Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.